ЖИНОЯТЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШ БОРАСИДАГИ ИШЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Куни кеча шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2022 йил 6 ойи давомида, шаҳарда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт аниқлаш, уларни олдини олиш, тезкор қидирув ва дастлабки тергов борасида олиб борилган ишлар аҳволи танқидий кўриб чиқилди.

Кенгаш йиғилишида вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи С.Мажидов иштирок этди.

Йиғилишда сўз олганлар ўтган олти ой давомида содир этилган жиноятларнинг сабаб ва уларни келтириб чиқарувчи омилларга тўхталдилар.

Шаҳарда ўтган олти ой давомида умумий жиноятлар сони ўтган йилгига нисбатан камайган бўлсада, айрим турдаги (фирибгарлик, ўғирлик, тан жароҳати етказиш билан боғлиқ) жиноятлар сони ошганлиги, келгусида бу борада аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда жиноятчиликка қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ҳамкор ташкилотлар, бугун маҳаллаларда фаолият юритаётган бешлик, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг ҳамкорликдаги фаолияти муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди.

Зеро, бугун уларнинг маҳаллалардаги нотинч оилалар, уюшмаган ёшлар, хотин-қизлар, фарзандларни тарбиясига салбий кўрсатувчи ота-оналар билан доимий равишда  иш олиб боришлари, маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишга қаратилган тадбирларни кучайтиришлари орқали жиноятчиликка қарши курашиш тизимида самарадорликка эришиш мумкин бўлади.

Кенгаш йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар бўйича билдирилган таклиф ва фикрлардан келиб чиқиб, аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш борасида вазифалар белгилаб олинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати .

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM