ЖАСОРАТНИНГ УМРИ БОҚИЙ

9 май -Хотира ва Қадрлаш куни 1921 йилда туғилган собиқ жангчи Амин Ёқубов иккинчи жаҳон уруши энг авжига чиққан бир пайтда 1943 йилдан то ярадор бўлганларига қадар Ҳаракатдаги Армияда 4-Украина фронти таркибида жанг қилиб Харьков ва Полтава шаҳарлари 1-Белоруссия фронти таркибида Кечаль, Ровно, Ходза, Познан ва Ринг шаҳарларини фашист газандаларидан озод қилиш жангларида қатнашиб, яраланганларидан сўнг она Каттақўрғонга кўксилари жанговор орден ва медалларга тўлган ҳолда қайтдилар. 

Урушдан кейинги халқ хўжалигини тиклашда ҳам фидокорона меҳнат қилганлар. 

 

Ҳамшаҳаримиз Шукур Шодмонов Иккинчи жаҳон уруши кетаётган йиллари Каттақўрғонда шаклланган 90-миллий ўқчи бригадаси сафида 1944 йил ҳаёт-мамот жангига кириб, илк бор душман билан юзма-юз бўлишган. 90-бригада сафида Москва остонаси, Можайский, сўнгра Сталинград, Ворошиловград, Руминия, Закарпатия шаҳарларини ёвуз душмандан озод этишда мардлик ва довюраклик кўрсатган жангчилардан бири. 

Урушдан ғалаба билан қайтган Шукур Шодмонов шаҳар ижроия комитети ички ишлар бўлимида эл осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда садоқат билан эл хизматида бўлдилар. 

 

Усмон Ражабовни шаҳримиз аҳли садоқатли савдо ходими, иккинчи жаҳон уруши фахрийси сифатида ҳурмат қилишади. Усмон ота ҳам 1943 йилнинг январь ойидан 1945 йилгача Ҳаракатдаги Армия сафида 4-Украина фронтида душманга қарши аёвсиз жанг қилдилар. 

У киши жанг билан Польша, Чехословакияни озод қилишда ярадор бўлиб Каттақўрғонга қайтиб келиб нафақага чиққунларига қадар собиқ умумий овқатланиш трестида буфет мудири бўлиб фаолият кўрсатдилар. 

 

Ҳамшаҳаримиз Мухтор Қодиров иккинчи жаҳон урушида Ҳаракатдаги Армия сафида 40-дивизиянинг 10-24 ҳаво десант қисмида 1943 йил январь ойидан 1945 йил май ойигача 3-Украина фронти жангчилари билан елкама-елка Австрия, Болгария, Руминия ва Югославия давлатлари шаҳарларини ёвуз душман исканжасидан озод этишда мардлик ва матонат кўрсатдилар. 

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин Мухтор Қодиров туман пилла ҳосили қабул қилиш заводида хизмат қилганлар. Мухтор Қодиров иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси сифатида мустақилликни қадрлаш, тинчликни асраб-авайлаш, она-Ватанимизнинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек асраш каби ғояларни ёшлар ўртасида тарғиб этишда муносиб ҳисса қўшганлар.  

 

Иккинчи жаҳон урушигача ҳамшаҳаримиз Рўзимурод Йўлдошев йигитлик бурчини адо этиш учун армия сафига ҳарбий хизматга чақирилди. 1944 йилда Рўзимурод Йўлдошев Борисоглебск шаҳрида шаклланган 375-заҳирадаги ҳарбий ўқчи қисм сафида хизматни давом эттирди. У киши 3-Белоруссия фронти халоскорлари сафида душманга қарши урушда қатнашди. 

Польша давлатига қарашли йўналишдаги Русаши шаҳрини қўлга киритиш учун бўлган даҳшатли жангда аввал ўнг қўлидан, сўнгра ўнг оёғидан яраланди. 

 

Ҳарбий дала госпитали раҳбарияти тиббий хулосасига кўра Рўзимурод Йўлдошевни Караганда шаҳридаги ҳарбий госпиталга даволанишга юборишди. 

Рўзимурод Йўлдошев саломатлиги мустаҳкамлангач Воронеж шаҳрида тузилган махсус 7437 рақамли ҳарбий қисм сафида хизматни давом эттириб, кўкси жанговор орден ва медаллар шодаси билан 1950 йилда Каттақўрғонга қайтиб келди. 

Нафақага чиққунига қадар Рўзимурод Йўлдошев 23-қурилиш ташкилотида бош муҳандис, ғишт заводида бўлим мудири вазифаларида ишладилар. 

Ғайрат ШУКУРОВ,

фахрий журналист.

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM