ИРОДАЛИ ҚИЗ - КЕЛАЖАК ВОРИСИ

Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатига кўтарилгани ҳеч кимга сир эмас. Шаҳримизда ҳам гендер тенглиги, хотин-қизларни ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу борадаги ишларнинг асосини ташкил қилади.

Шаҳар ҳокимининг назоратига олинган ушбу масала бўйича кўплаб тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Куни кеча шаҳар Драма театрида ҳам 5 -умумтаълим мактаби жамоаси томонидан аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказиш, хотин-қизларни турли иллатлардан асраш, қизларни миллийлигимизга таянган ҳолда тарбиялаш каби ғояларни ўзида акс эттирган “Иродали қиз-келажак вориси” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Уни очиб берган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. 

Мактаб жамоаси томонидан ҳаёт йўли ибрат бўлган аждодларимиз Тўмарис, Бибихоним, Увайсий, Зебинисо, Нодирабегим сиймолари акс этган саҳна кўринишлари айниқса катта қизиқиш билан қарши олинди.

Шунингдек, тадбир давомида шаҳар маданият бўлими томонидан “Қиз бола одоби”, “Гендер тенглик”, “Китобда ҳикмат”, “Раҳбар аёллар” ҳамда “Турон маликалари” номли бекатлар доирасидаги масалалар юзасидан саҳналаштирилган тадбир ҳам кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда қатнашган шаҳар ҳокими ўринбосари Ф.Рахимова, шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Ш.Кучкарова ҳамда шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳ.Шодиевалар юксак даражада тайёрланган тадбир учун мактаб раҳбариятига миннатдорчилик билдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM