ЙИЛ ДАВОМИДА ЎЗБЕКИСТОНГА 6,7 МИЛЛИОН САЙЁҲ ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўтган йил давомида Ўзбекистонга 6,7 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг аксарияти (81,8%) қариндошлари ва дўстларини зиёрат қилиш, 15,5 фоизи эса дам олиш учун келган.

2019 йилда Ўзбекистонга 6,7 миллион сайёҳ ташриф буюрди (2018 йилда — 5,3 миллион). Бу ҳақда 10 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Улардан 81,8 фоизи ўз қариндошлари ва дўстларини зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга, 15,5 фоизи эса ҳордиқ чиқариш учун келган. 2.7 фоиз фуқаролар даволаниш, харид қилиш, иш учрашувлари ва ўқишларда қатнашиш учун келган.

Уларнинг орасидан аксарият, яъни 51,3 фоизини 31−55 ёшдаги кишилар (2018 йилда 52,1 фоиз), 20,2 фоизини 55 ёш ва ундан катталар (2018 йилда 19,4 фоиз), 19,5 фоизини 19−30 ёшдагилар (2018 йилда 20,4 фоиз) ва 9,1 фоизини 0−18 ёшлилар (2018 йилда 8,1 фоиз) ташкил қилади.

 

Энг кўп сайёҳлар Марказий Осиё минтақасидан келган — 5,7 миллион киши. МДҲ мамлакатларидан 495,6 минг сайёҳ келди. Узоқ хорижий мамлакатлардан келганлар сони 488,4 минг кишини ташкил этди.

Сайёҳларнинг аксарияти Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Туркия, Афғонистон, Хитой, Корея Республикаси ва Ҳиндистондан келган.

Йил якунларига кўра, туризм хизматларини экспорт қилиш ҳажми 1,3 миллиард долларга етди (2018 йилда — 1 миллиард доллар).

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM