ЖАҲОН ОЛИМПИАДАСИГА ЙЎЛЛАНМА ОЛГАН СПОРТЧИГА 3 ХОНАЛИ КВАРТИРА ВАЪДА ҚИЛИНДИ

Каттақўрғон шаҳар тиббиёт коллежи биносида “Оқолтин” МФЙ худудида истиқомат қилувчи ёшлар ҳамда коллеж ўқувчилари иштирогида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Ушбу тадбирни Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрдаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан бўлган учрашувининг мантиқий давоми деса бўлади. Президентимизнинг ёшлар билан бот-бот учрашувлари, давлат бошқарувига умидли кадрларни жалб этишга умид қилиши, янги авлодда келажакка ишончни мустаҳкамлаши керак.
Дарҳақиқат, ёшлар масаласига давлат миқёсида катта эътибор кўрсатилаётгани бежиз эмас. Кейинги йилларда ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Тадбир дастлаб китоблар ярмаркаси, тарбиявий мавзудаги стендлар кўргазмасидан бошланди. Мусиқа мактабининг истеъдодли  ўқувчилари томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди.


Шаҳар ҳокими М.Хашимов учрашувни очиб, бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди. Сўнгра маҳалла ёшлари ўзларини қизиқтирган мавзулар ва муаммолар бўйича ҳокимга мурожаат қилишди.
Мамур Шукуров Фирдавсий кўчасида истиқомат қилади. У маҳалланинг сув узатиш тармоқларидаги муаммолар, айни дамда вақтинча ишсизлиги ҳақида гапирди. М.Хашимов аризачининг мурожаатини ўрганиб чиқиш бўйича  “Сувоқова” корхонаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маркази раҳбарларига топшириқ берди.
Шунингдек, учрашувнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўз таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.


Спорт масаласи кўтарилганда шаҳар ҳокими М.Хашимов шундай деди:
-“Каттақўрғоннинг ёшлари спортда бошқаларга ўрнак бўлса арзийди. Айниқса, спортнинг армрестлинг, каратэ турлари бўйича каттакўрғонликлардан жаҳон миқёси мусобақаларига чиққан ёшларимиз бор. 
Келажакда Ўзбекистонни дунё миқёсида обрўйини янада оширадиган, энг нуфузли  мусобақа - жаҳон олимпиадасига йўлланма қўлга киритган спортчиларимизга шаҳримиздан 3 хонали квартира ажратилади.”


Тадбирда ёшлар етакчилари ҳам иштирок этди.
Шаҳар ёшлари орасида мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, Ватанимиз ривожи йўлида хизмат қиладиган кадрлар салмоғи ортиб бораётгани қувонарлидир.


Халқ қабулхонаси, Ёшлар иттифоқи, сектор раҳбарлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир бошқа маҳаллаларда, ўқув юртларида давом этади.
Учрашувда Халқ қабулхонаси мудири Х.Шодиева, ИИБ бошлиғи О.Муҳамадиев, ҳокимнинг биринчи ўринбосари И.Маматов, корхона, ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM