КАТТАҚЎРҒОНДА ТЎЙ-МАРОСИМЛАР ЭНДИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?

Ушбу саволга жавоб олиш илинжида шаҳар фаоллари ҳокимликнинг мажлислар залида тўпланишди.
Йиғилишни шаҳар ҳокими М. Хашимов очиб, Парламентнинг жорий йил, 1 январидан кучга кирган тўй-маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қарори ҳақида тўхталди.
Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари 2019 йил 14 сентябрь куни тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилган эди.
Йиғилишга таклиф этилган маҳалла фуқаролар йиғини  раислари, депутатлар, жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек корхона ва ташкилот раҳбарлари қарорнинг Каттақўрғон шаҳар аҳолисига манфаати юзасидан фикрларини билдирдилар.

Дарҳақиқат, шаҳримизда ўтказилаётган тўй-маросимлар, аллақачон Президентимиз тасниф қилган тадбирлар сирасига кириб улгурган. Тўй ва маросимларимиз йилдан-йилга “даврани кенгроқ олинг” шаклида дабдабали тус олмоқда. ЗАГС баҳонасида автокортеж ташкил этиб “ким узар”га ҳашаматли унаштирув маросимлари ташкил этиш одатий холга айланиб улгурди. Йиғилишда шу масала атрофида сўз борди.
Ниҳоят қарор қабул қилинди. Унга кўра, Каттақўрғон шаҳрида ҳам бутун республикамизнинг шаҳар ва туманларида бўлгани каби қуйидаги тартиб ўрнатилади:
-Оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Дафн этиш маросими бундан мустасно.
- Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
-Тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.
-Никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашина , транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.
-Оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно.
-Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.
-Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
-Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни («етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайит», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларни) ўтказишга рухсат берилмайди.
Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади.
Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади. Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.
Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.
Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабларига тўйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.

Жамшид НОСИРОВ, 
Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM