САЙЛОВЧИЛАРГА АРЗОН УН ВА ЁҒ СОТГАН ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОД МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Депутатликка номзод ўз раҳбарлигидаги ташкилот ишлаб чиқарган ун ва ёғ маҳсулотини сайловчиларга арзонлаштирилган нархда сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод А. Аҳмедов ўз раҳбарлигидаги ташкилот ишлаб чиқарган ун ва ёғ маҳсулотини сайловчиларга арзонлаштирилган нархда сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

38-Олмазор сайлов округидан номзоди кўрсатилган А. Аҳмедов 15 декабрь куни Чилонзор тумани «Катта Чилонзор-1» маҳалла фуқаролар йиғини ва 16 декабрь куни эса «Катта Чилонзор-2» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган ярмаркаларда иштирок этиб, «O'zlidep» логотипи жойлаштирилган пештахталар орқали сайловчиларга имтиёзли арзонлаштирилган нархда сотиш хизматини кўрсатган ҳамда сайловчилар билан учрашиб, сайловолди ташвиқотини олиб борган.

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, депутатликка номзодлар ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.

Ушбу тартиб қонун билан қатъий белгилаб қўйилишига қарамасдан, Депутатликка номзод А.М.Ахмедов ўз ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 515-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган.

Ушбу ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан А. Аҳмедовга нисбатан МЖтКнинг 515-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Чилонзор туман судига юборилган.

 
2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM