СТАТИСТИКАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СТРАТЕГИЯСИ ИЖРОСИ УЧУН 52 МЛН ДОЛЛАР АЖРАТИЛИШИ МУМКИН

Ўзбекистонда 2020-2025 йилларда статистикани ривожлантиришнинг миллий стратегияси ишлаб чиқилиб, унинг илк варианти 14 ноябрь куни жамоатчиликка тақдим этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, стратегияни амалга ошириш 52,2 млн долларга тушиши мумкин.

Стратегия Давлат статистика қўмитаси ва Жаҳон банки экспертлари томонидан ишлаб чиқилган. Ҳужжат мамлакатни сифатли ва тез янгиланувчи статистикалар билан таъминлашни кўзда тутади.

«Бунда мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини ошириш, бизнес муҳитини яхшилаш, иш ўринлари сони тез ўсиши учун инфруструктурани яхшилашга эътибор қаратмоқда.

Мана шу ислоҳотларни кучайтириш учун ҳукумат, турли тегишли идоралар ва халқаро ташкилотлар ҳам ишончли ва қулай маълумотларга суянади.

Қисқача айтганда, маълумот ва статистик таҳлиллар шундай қуролки, улар халқни бой қилиш учун ишлатилади. Шунинг учун ҳам ҳамма ташкилот биргаликда мамлакатни тез янгиланувчи, сифатли расмий статистикалар билан таъминлаб боришга ҳаракат қилиши зарур», – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Хидеки Мори.

 

«Статистикани ривожлантиришнинг миллий стратегияси (2020-2025)»нинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • ташкилий, ҳуқуқий инфраструктурани яхшилаш;
  • статистик структурани яхшилаш;
  • етказиб берувчи ва қабул қилувчи алоқаларини яхшилаш; 
  • маълумот олиш жараёнини ва физик инфраструктурани яхшилаш;
  • методларни ривожлантириш.

«Ҳар бир янгилик ва тизим, албатта, амалиётда қўллашдан олдин синовдан ўтказилади. Ҳар битта йўлга қўйилиши лозим бўлган система параллел равишда яна бир варианти мавжуд бўлган ҳолда сўровномалар, тадқиқотларга асосланиб жорий қилинади», – дейилади ҳужжат матнида.

Кутилаётган натижаларга 5 босқичда эришилади:

  1. Фойдаланувчиларга кўпроқ маъқул бўлиш.
  2. Маълумот етказувчилардаги мотивациянинг ошиши.
  3. Ҳукумат ва бошқа ҳамкорларнинг кўпроқ қўллаб-қувватлаши.
  4. Ходимларнинг руҳланиши ва малакаси ошиб бориши.
  5. Миллий статистика тизимининг яхшиланиши.

Стратегия лойиҳаси декабрь ойида тасдиқланиши кутилмоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM