ҲАҚИҚАТНИ АЙТИШ – КУЧЛИЛИКДАН ДАЛОЛАТ

Image_tadbir: 

Маълумки, буюк кашфиётлар, ихтироларнинг пайдо бўлиши дастлаб кўпчиликка ғайритабиий туюлади. Бу ҳолатда дарров кашфиётнинг тарафдорлари ва танқидчилари пайдо бўлиб ,“янгилик”нинг пўстагини қоқишга ҳаракат қилишади. Фан тили билан айтганда,  кимёвий реакция ҳосил бўлиб, узоқ тортишув ва тажриба ниҳоясида   махсулот синтезланади. Натижада инсониятнинг оғири енгил бўлиб, тараққиётнинг навбатдаги босқичига қадам қўйилади. Шу тариқа янги маҳсулот дунё юзини кўради.

             Стив Жобснинг ахборот-коммуникация соҳасидаги инқилобий яратувчанлиги, машҳур “Apple”нинг пайдо  бўлиши,  Марк Цукенбергнинг “Facebook” ижтимоий тармоғини ишга тушириш жараёнидаги тортишувлар Америка халқига “тандиридан узилган нондек” бошқача айтганда, сенсация сифатида тақдим этилиб турилган.

Эътиборли томони,  кашфиётчиларнинг катта шон-шуҳратга ёки миллионлаб доллар фойда келтирувчи акцияга эгалик қилишида эмас. Бу ҳолатда катта дивидентга  давлат ва фуқаролари эришади. Чунки, ҳар қандай шов-шув, мамлакат бўйлаб баралла муҳокама этилганида унинг саслари хаммага эшитилади. Айниқса, энди тетапоя бўлиб вояга етаётган ёшлар кўз ўнгида яратувчанлик, изланиш ўз ҳосилини берди. Бу улар учун ўрнак ва намуна бўлиб келажакда янги кашфиётлар айнан шу фарзандлар қўли билан яралишига замин яратди.

            Шу кунларда ўзбекистонлик ёшлар орасидан иқтидорли ўқувчилар етишиб чиқаяпти. Бизда ҳам олмашумул аҳамиятдаги ўзгаришларни содир этишга қодир ёш физик, математиклар пайдо бўлиб, жаҳон олимпиадалари, билимлар беллашувларида юқори ўринларни эгаллаб келаяпти.

Айниқса, телевидение, матбуотда  қалбида учқуни бор боладан эртага катта олим, буюк гроссмейстер, математик етишиб чиқиши ҳақида гапирилса, мурғак қалб эгаси салоҳиятга эгалигига ўзи ҳам ишонмайдими? Бу унга кўпроқ далда, бошқаларга ўрнак ва ҳавас бўлмайдими?

Эрта тонгдан кечга қадар ойинаи жаҳон орқали кўпроқ сохта “юлдуз”ларни, енгил-елпи киноларни кўрсатиш ёшларнинг дидини пасайишига олиб келаётир. Бунинг натижасида фан оламига қизиқиш ўрнини ўйин-кулги ва  мусиқа-қўшиқ эгаллаб оляпти. Жамиятда шу каби муаммоларни кўтариб чиқиш ва  очиқ айтиш,  ҳаммага ёқавермайди. Тараққиёт эса  ижодий, ноанъанавий фикрловчи одамларсиз  мумкин эмас.

              Бу мавзуни кўтаришим бежиз эмас. Гап оммавий ахборот воситалари ҳақида кетяпти. Давлат қурилиши ва сиёсий ҳаёти ривожида оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Журналист ўз  фаолиятида  муаммоларни биринчилардан бўлиб англаб етиши, уларни ҳал этишда тарғиботининг янгидан-янги усулларидан фойдаланиши лозим бўлади. Ўз фикрини очиқ айтиш, ўзлигини намоён этиш шароитларисиз шахс ўзининг жамият олдидаги вазифаларини адо эта олмайди. Шунингдек, журналистиканинг "тўртинчи ҳокимият" мақомига эришувида сўз эркинлигининг аҳамияти катта.

Ташаббуссиз кишиларсиз жамият кучли, фаровон ва барқарор ривожланиши мумкин эмас. Айнан ўзлигини топиш индивидни шахсга айлантиради: “Эл нетиб топгай менингким, мен ўзимни топмасам” деб ёзган эди Мир Алишер Навоий.

Бунинг учун оммавий ахборот воситалари ўзларининг оммавийлигини ва самарадорлигини ошириши билан боғлиқ муаммоларни ҳал килишлари лозим бўлади. Бугунги кунда пировард мақсадимиз ҳар томонлама тараққий этган фуқаролик жамияти қуриш экан, бу йўлда тўғаноқ бўлиб турган тўсиклар, чеклашлар, ён беришга мажбур этувчи кучларни босқичма- босқич тугатиб боришимиз лозим.

         Айни пайтда, юртимизда  содир бўлаётган туб ижобий ўзгаришларни халқимиз онгига етказишда журналистларимиз сезиларли фаолият кўрсатиб келмокда. Республикамиз оммавий ахборот воситаларининг ҳаққоний, тезкор маълумот тарқатишда  аҳамияти ортиб бормоқда. Журналист давлат ва жамият ўртасида “ҳақиқат” номли кўприк вазифасини бажармоғи керак.

 

Жамшид НОСИРОВ.

 

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM