ШАҲРИМИЗНИНГ АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНАЛАРИ

Буюк давлат арбоби, бобомиз Амир Темур давлатни бошқаришда “Куч адолатда” деган шиорни  дастурил амал қилиб олганлар. Шу орқали салоҳиятли, қудратли ва кучли давлат барпо қилганлар. Ҳақиқатдан ҳам, ҳар қандай давлатда адолат тамойиллари ва унга амал қилиш қанчалик кучли бўлса у шунчалик қудратли бўлади, фуқаролари бахтиёрликда ва фаровонликда ҳаёт кечиради. Адолат ҳаётимизнинг мезонига айлансагина унинг жамият, давлат ҳаётидаги ўрни янада ошади.

Жамиятнинг бир бўлаги бўлмиш оилани ҳам кичик бир давлатга қиёсласак, у ҳам адолат билан бошқарилсагина мустаҳкам ва бардавом бўлади. Оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар самимият, ишонч, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром туйғуларига асосланади.  Бунда албатта оиланинг катталари муҳтарам онахонларимиз, қайноналарнинг роли, тажрибалари муҳим аҳамият касб этади.  

25-сентябрь куни шаҳар Драма театрида Ўзбекистон “Адолат” СДП шаҳар кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси,  “Оила” илмий амалий маркази шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган  “Адолатли қайнона” кўрик танлови ана шу мақсадларни ўзида мужассам этган десак муболаға бўлмайди.  Ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда оила, жамият ва маҳалла муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий  тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларни ўрнини юксалтиришга қаратилган ушбу тадбирга шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши вакиллари, маҳалла фаоллари  ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида айни кунда мамлакатимизда сайлов жараёнларига тайёргарлик кетаётганлиги муносабати билан 18 ёшга кирган, биринчи марта сайловларда қатнашиб ўз муносиб номзодига овоз бериш бахтига муяссар бўлаётган шаҳримиздаги “Ёш адолатчилар” гуруҳи ўқувчи-ёшларининг чиқишлари намойиш этилди.

Ўзбекистон “Адолат”  СДП вилоят кенгаши ва шаҳар кенгаши томонидан узоқ йиллардан буён шаҳримизнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий салоҳиятини ривожлантиришда ўз меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшиб  келаётган  бир гуруҳ фаолларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шундан сўнг, танловнинг биринчи шарти бўйича, яъни ўзларини таништириш учун қайноналар саҳнага таклиф этилдилар. Кўрик-танлов талабларига кўра танлов иштирокчилари саволларга жавоб бериш, фильмлар орқали қайнона-келин муносабатларини изоҳлаш, энг кўп ривоят билиш, энг кўп мақол билиш ва оилаларидаги ободлик, тозалик, маънавий-маърифий ишлар тарғиботидаги фаоллик, оила тўғрисидаги қонунчилик билан танишлик даражаси акс этган слайд намойиш этиш каби шартлар бўйича беллашдилар.

Беллашув давомида барча қайноналарнинг оилавий тажрибалари анча юқорилиги, ҳақиқатдан ҳам оилани бошқаришда адолатли эканликлари яққол намоён бўлди.

Танлов сўнггида иштирокчилар “Энг тадбиркор қайнона”, “Энг оқила қайнона”, “Энг адолатли қайнона”, “ Энг намунали қайнона”, “Энг сариштали қайнона” номинациялар бўйича ғолиб бўлдилар ва эасдалик совғалари билан тақдирландилар.

Албатта мана шундай тадбирларнинг кўплаб ўтказилиши оилаларда оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдириш, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш ва адолат тамойилларига риоя қилиш орқали оилавий ажримларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади деб ўйлаймиз.

 

Ҳилола ЭРГАШЕВА 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM