МУСТАҚИЛЛИК РАМЗИ ЭРУР

Юрт байроғи. Шу биргина сўз замирида бутун бир миллат тақдири акс этган. Шунинг учун ҳам байроқ деганда, кўз ўнгимизда мамлакатимиз  озодлиги, тинчлиги, фаровонлиги йўлидаги ҳаракатлар, халқимизнинг орзу- истаклари ва  неча минг йиллик тарихимизнинг саҳифалари намоён бўлади.

Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир чизги ўз рамзий маъносига эга бўлиб, бизни жон танимиз билан ватанимиз тақдирига чамбарчас боғлиқлигимизни билдиради. Ундаги келажагимизнинг порлоқлиги акс этган яшиллик, осмонимиз мусаффолиги, мустақиллигимиз белгиси бўлган оқлик, тинчлик-тотувлигимиз, бағримиз кенглиги, истиқлолга етишиш йўлидаги заҳматларни мужассам этган қизиллик, ҳа буларнинг барчаси қалбимизга ўзгача ҳаловат бахш этади.

Турли тантаналару, байрамларда, мусобақаларда, жаҳон ареналарида осмон узра юртимиз байроғи кўтарилганда ҳар бир ўзбекистонликнинг кўкси ифтихор туйғуси билан тўлади.

Бугун Каттақўрғоннинг Эски шаҳар ҳудудида каттақўрғонликларнинг ҳам кўнглини ғурурга тўлдирадиган мустақиллигимиз белгиси, байроғимиз осмон узра юқорига кўтарилди. Чунки бу ерда баландлиги 62 метр бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ўрнатилди. Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирга шаҳримиз аҳолиси, идора ва ташкилотлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов тадбир қатнашчиларини Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами билан қутлар экан, мустақиллигимиз рамзи бўлган Давлат байроғининг мамлакат ҳаётида тутган ўрни, миллатимиз шаъни ва ғурурини ифода этишдаги аҳамияти ва юрт тараққиёти, келажаги йўлидаги улуғворлиги хусусида сўз юритди.

Мадҳиямиз узра юқорига кўтарилаётган байроққа ҳайрат ила қараётган ҳамшаҳарларимизни кузатар эканмиз, уларнинг кўзларидан қалбан фахр ва ифтихор туйғусини ҳис этаётганликларини яққол сезиш мумкин.

- Ҳар биримиз Давлатимиз байроғи, гербимиз ва мадҳиямизни мустақиллигимизнинг рамзлари сифатида биламиз. Бу гапларни жуда кўп бора эшитамиз, ойнаи жаҳон орқали кўрамиз. Биласизми, бугун мен мана шу рамзларимизни қанчалик муқаддаслигини, қандай кучга эга эканлигини юракдан ҳис қилдим. Байроқ юқорига кўтарилган сари, то осмонда ҳилпираб турганини кўргунимча юрагимда бошқача ҳисни туйдум. Менимча бу ҳар биримизнинг қалбимиз тубида сақланиб турган юртга, она шаҳримизга бўлган муҳаббат, меҳр туйғуси бўлса керак. Мен шу туйғуни юқорида ҳилпираб турган байроқ орқали яққол ҳис қилдим ва мустқаллигимиз рамзларини инсонларда ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишига амин бўлдим, - дейди набиралари билан тадбирга ташриф буюрган ҳамшаҳарларимиздан бири Зебо она.

Ҳақиқатдан ҳам, Зебо онага ўхшаб мана шу байроқ остидан ўтадиган ҳар бир ҳамшаҳримиз ҳар гал унга кўзи тушганда она шаҳримиз Каттақўрғонга бўлган меҳри ва садоқатини ҳис қилиши шубҳасиз.

Ҳилола ЭРГАШЕВА   

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM