ТАЛАБАЛАРНИНГ ТАКЛИФЛАРИГА ШАҲАР ҲОКИМИ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ БИЛДИРДИ?

Иқтидорли ёшлар юртимиз таянчи, келажаги ҳисобланади. Агар уларни қўллаб-қувватласак, иқтидорларини рўёбга чиқаришга имкон берилса ҳар қандай соҳани ривожлантиришда ёшларнинг билим ва малакалари муҳим омил ҳисобланади. Куни кеча шаҳримиздаги бир қатор ана шундай ёшлар билан шаҳар ҳокимининг учрашуви бўлиб ўтди.

“Нурхон” тадбирлар масканида бўлиб ўтган учрашувга шаҳримизнинг турли мактабларида таълим олиб ҳозирда турли Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва шу йили олий ўқув юртларининг талабаси бўлиш бахтига мушарраф бўлган ёшлар таклиф этилдилар.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов барча ёшларни Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами билан қутлар экан, уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига муваффақиятлар тилади.

-Авваламбор сизлар билан танишиб, шаҳримизнинг шунча ёшлари турли олийгоҳларда таҳсил олаётганини кўриб жудаям хурсанд бўлдим. Бугун шаҳримизнинг салоҳиятини ошириш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, Каттақўрғон шаҳри шаъни ва мавқейини кўтаришда сиз ёшларнинг иқтидорингиз, билим ва малакангиз жуда муҳим. Биз шаҳримиз келажагини сизнинг тимсолингизда кўрамиз. Бугун шаҳримизда малакали кадрларларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, истардимки сизлар албатта келажакда ўқишни тугатиб она шаҳрингиз Каттақўрғонга келиб фаолият юритасиз. Бунинг учун албатта биз барча имкониятларни ишга соламиз,- деди ҳоким талабалар билан суҳбатлашиш асносида.

Тадбир эркин давра суҳбати тарзида бўлгани боис талабалар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

-Мен Самарқанд Давлат Университетининг тарих факультетида таҳсил оламан. Ўқишимиз давомида Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқувчиларини Университетга ташриф буюриб, ўқиш жараёнлари, яратилган шароитлар, дарс жараёнлари билан танишганларини кўп бора гувоҳи бўлганман. Албатта бу ташрифлар мактаб ўқувчиларида билим олишга иштиёқни янаям оширади, мақсадлари сари интилишларига ёрдам беради деб ўйлайман. Истардимки Каттақўрғон шаҳри мактаб ўқувчиларини ҳам вилоятдаги Олий таълим муассасаларига ташрифи уюштирилса,-деган таклиф билдирди Бектош Маматов.

Худди шунингдек, ингичкалик талаба қиз Ингичка шаҳрида кутубхона ташкил қилиш, Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси шаҳримизда бирор бир институтнинг филиалини очишни, “Ипак йўли” халқаро туризм университети талабаси Қабулов Икромжон шаҳримизда ички туризмни ривожлантириш, шу йил Самарқанд давлат университети талабаси бўлган Улмас Рахмонов шаҳримиз ёшларини Каттақўрғон тарихини мукаммал билишлари учун шаҳримиздаги касб-ҳунар коллежлари, мактаблар қошида музейлар ташкил этиш ва шаҳримиз ҳаётига оид маълумотлар билан бойитиш ва яна бошқа бир қатор таклифларини билдирдилар.

Шаҳар ҳокими ҳар бир талабанинг билдирган таклиф ва мулоҳазаларини тинглаб, уларни атрофлича ўрганиб чиқиш ва ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга шу ернинг ўзида топшириқлар берди.

Тадбир давомида бир қатор ёшларга Ёшлар иттифоқи ва шаҳар ҳокимлигининг эсдалик соғалари топширилди.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM