ЙЎЛИНГИЗ ОРЗУЛАРИНГИЗ КАБИ ОҚ БЎЛСИН

Куни кеча шаҳримиздаги Драма театрда Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан шаҳримиз ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди.  Шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази шаҳар бўлими ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши томонидан ташкил қилинган ушбу тадбир “Келажак бунёдкори” шиори остида ўтказилди. Тадбир давомида вояга етмаганлар, шу жумладан, таълим муассасасида ички рўйхатга олинган ўқувчилар профилактик рўйхатдан чиқарилдилар ва  шаҳримиздаги мавжуд спорт тўгаракларига жалб этилдилар.

Шу куни турли олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган бир гуруҳ шаҳримиз ёшлари ҳам ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Самимий ва эзгу тилакларга бой бўлган ушбу  тадбир шогирдларининг ютуқларини кўриб машаққатли меҳнатлари самарасидан мамнун бўлган устозларнинг, фарзандларини янги ҳаёт сари қадам ташлаётганликларидан қувончлари чексиз бўлган ота-оналарнинг қалбидан чуқур жой олганлиги шубҳасиз.

- Қизим 2 йил ўқишга ҳужжат топшириб киролмаган эди. Шу йили шаҳримиздаги “MALIKA EDUGATION” ўқув марказида ўқиди. Ишлаб ўқиганлиги учун қийналган вақтлари ҳам бўлди. Лекин бугун барча қийинчиликлар, машаққатлр бир зумда эсдан чиқди. Қизимни олий ўқув юртига кирганлигини эшитиб қанчалик қувонганимни сўз билан айтолмайман. Ўқув марказидаги барча устозлардан беҳад миннатдормиз.

Мен шаҳримизнинг барча ёшларини мана шундай бахтга эришишларини истайман, дейди,- Самарқанд Давлат Университети “Мактабгача таълим” факультети талабаси бўлган Малика Юсупованинг онаси Маҳбуба Ярқулова. Мана шундай шодлик ва шукроналик ҳиссини тадбирда қатнашаётган барча ота-оналарнинг юз-кўзларида кўриш мумкин. 

  Тадбирда сўзга чиққанлар  хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Рахимова, шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Ж.Носиров, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ҳоким ўринбосари А.Ибрагимовлар шаҳримизни ҳар томонлама ривожланишида ёшларимизнинг ҳам муносиб ўрни борлигини таъкидлаган ҳолда, уларни олийгоҳларни тамомлаб, жамиятга керакли мутахассис бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топишларида оқ йўл тиладилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА  

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM