УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИДА КАТТАҚЎРҒОНЛИКЛАР ҲАМ ФАОЛ ҚАТНАШМОҚДАЛАР

Маълумки ҳукумат фармойишига кўра давлатимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги байрами тантаналари олдидан 17-18 август кунлари юртимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши белгиланган эди. Шу муносабат билан бугун шаҳримизда ҳам маҳаллалар, хонадонлар, идора ва ташкилотларда кенг миқёсдаги хайрия ҳашари ташкил этилди. Эрта тонгдан шаҳримиз фуқаролари бу хайрли тадбирга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида маҳаллалари, уйлари атрофларини, кўчаларни, иш жойларини ободонлаштириш, тозалаш ишларини амалга оширишга фаол киришдилар.

Ҳашарнинг биринчи куни шаҳримиздаги барча умумтаълим мактаблари, коллежлар, мактабгача таълим муассасаларида ўтказилган ободончилик ишларида муассасалар атрофи тозаланди, дарахтларга ишлов берилди, бегона ўтлар олиб ташланди, йўлаклар оқланди.

Шунингдек, барча маҳаллаларда, тиббиёт бирлашмаси, “Марварид” сиҳатгоҳида ташкил этилган хайрия ҳашари ҳам уюшқоқлик билан ўтмоқда. Фуқароларнинг ташаббуслари билан ушбу ҳудудлардаги йўллар тартибга келтирилди, бетон ариқлар тозаланди, дарахтлар ва йўлаклар оқланди, таъмирталаб жойлар таъмирланди.

-Бугун биз мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арфасида ташкил этилган хайрия ҳашарида қатнашиб маҳалламизнинг ободлиги, тозалигига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. Албатта тўйлар, байрамлар арафасида ҳар бир ўзбек хонадонида ободончилик ишлари амалга оширилади. Бугун байрам арафасида маҳалламизнинг ёшу қариси бу хайрли ишга ҳиссаси қўшилаётганидан хурсанд. Тўйлар, байрамларни тоза, озода, ободон жойларда ўтказиш ярашадида. Бунақанги ишлар инсонларни бир-бирига янада яқинлаштиради, ватанпарварлик ҳиссини оширади, қолаверса бу ободончиликни кўриб кўнглимизда ҳозирдан байрам нашидаси завқ урмоқда, - дейдилар хайрия ҳашарида фаол иштирок этаётган “Ҳайдарчаман”, Ислом шоир, “Зиёлилар”, “Гўзалкент ва “Баҳористон” маҳаллаларида яшовчи бир гуруҳ ҳамшаҳарларимиз.   

Хайрия ҳашари давомида 10 га яқин техникадан фойдаланилди. Айниқса ёшлар бу галги ҳашарда фаоллик кўрсатишди.    

Бугун Ингичка қўрғончасида ташкил этилган хайрия ҳашари ҳам уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Кўтаринки кайфият ва шижоат билан ҳашарда қатнашаётган ингичкаликлар ободонлаштириш, тозалаш ишларида чин кўнгилдан иштирок этиб яшаш жойлари ва иш жойларини ободлиги, озодалигига муносиб ҳисса қўшаётганликларидан мамнуликларини билдирдилар.

Хайрия ҳашари давом этмоқда. Ўйлаймизки эртага умумхалқ хайрия ҳашарнинг иккинчи кунида ҳам шаҳримизда кенг кўламдаги ободончилик ва тозалик ишлари амалга оширилади.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM