ПРОКУРОР САЙЁР ҚАБУЛИ

Бугун 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Ш.Джумаев шаҳримиздаги Алишер  Навоий МФЙ да аҳоли билан сайёр қабул ўтказди. Унда маҳалла фуқароларининг турли масалалар бўйича қилган мурожаатлари атрофлича ўрганилди. Жумладан, фуқароларнинг уй жойини таъмирлаш, “Ифтихор” ва “Сардор” кўчаларига тунги чироқлар ўрнатиш, канализация, тадбиркорликни бошлаш учун кредит олиш, ва бошқа муаммолар бўйича мурожаатлари ўрганилиб мутассадди идораларга ижобий ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Сайёр қабул давомида “Ифтихор” кўчасида жойлашган уйлар олдидаги ариқларнинг ёпиб ташлангани боис ёғингарчилик даврида кўча охиридаги кўпгина хонадонлар сув кириб кетиши оқибатида азият чекаётганликлари бўйича қилинган мурожаат жойига бориб ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам, кўча бошидаги кўпгина хонадонларнинг олдидаги ариқлар ёпилиб бетон қилинганлиги аниқланди. Тегишли идора вакиллари иштирокида бу ҳолатни ўрганиш давомида хонадон эгаларига ариқларни яна қайта очиш ва бошқа хонадонларга зарар етмазмасдан муаммони ҳал этиш бўйича тушунчалар берилди. 

Шунингдек, сектор вакиллари маҳаллада яшовчи фуқаро Ф.Ризаеванинг хонадонига ташриф буюриб, у кишининг соғлиғи ҳамда пенсия масаласида қилган мурожаати бўйича бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳамда тиббиёт бирлашмаси вакилларига масалани ҳал этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Сайёр қабул сўнгида шаҳар прокурори “Дўстлик” маҳалласида бўлиб ўтган қабулда тушган 26 та мурожаатнинг ҳозирга кунда ижрода бўлган 17 тасини ҳам тез кунларда ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан масъулларни қатъий огоҳлантирди.

“Аҳоли билан ўтказиладиган сайёр қабул номига ўтказилмайди. Мурожаатларни вақтида ҳал этмасак, қуруқ ваъдаларни бериб юраверсак фуқароларнинг бизга нисбатан, бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончи йўқолади. Бугун ҳар бир ташкилот, идора ходими “халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилга амал қилиб иш олиб борса албатта халқимиз биздан рози бўлиб, эртанги кунга ишончи ортади”,-деди шаҳар прокурори Ш.Джумаев сўзида.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM