ИНГИЧКАДА “ИФФАТЛИ КЕЛИН” ЎҚУВ МАРКАЗИ ФИЛИАЛИ ИШ БОШЛАДИ

Image_tadbir: 

буни интизорлик билан кутгандик дейишмоқда илмга чанқоқ, ҳунар ўрганишга иштиёқи биланд ингичкалик ёшлар

Инсон ҳаётида шундай кунлар бўладики, бутун умр қалбида муҳрланиб қолади. Ўтган шанба куни ингичкалик хотин-қизлар, айниқса ёшлар учун ана шундай завқ-шавққа тўла кун бўлди.

Ҳа, Каттақўрғон шаҳридан унча узоқ бўлмаган Ингичка қўрғончасида сўнгги йилларда кўпгина хайрли ишларга қўл урилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида бу ерда ёшлар интизорлик билан кутган “Иффатли келин” ўқув маркази филиали очилиш маросими зўр хурсандчилик билан ўтди.

- Аввало бизни диққатимизни тортган нарса бу ерга қисқа вақт ичида ўқув маркази фаолиятини бошлашга яхши ва мукаммал тайёргарлик кўрилганидир, - дейди анжуманда сўзга чиққан Каттақўрғон шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Хамратош Шодиева. Бу эзгу иш давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусининг рўёби деб биламан. “Иффатли келин” ўқув маркази филиали учун Каттақўрғон маҳалласи ҳудудида жой танлангани ҳам айни муддао бўлган. Чунки жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига киритилгани боис бу ерда эзгу ишлар кўлами янада кенгаяди.

- Ўқув марказимизда қуйидаги тикиш-бичиш, юқори дизайнли парда тикиш, косметология, сартарошлик, қандолатчилик, шокаладли компазиция букети, Бухоро зардўзлиги, инглиз тили, бухгалтерия, келинликка тайёрлаш, оила бахти ва психологияси курслари каби ўттизга яқин йўналишлар бўйича машғулотлар олиб борилади. Бу хайрли иш ёшларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш баробарида қизларни ҳаётга тайёрлаш, ўзлари танлаган соҳага меҳр ихлосини ошириш имконини беради, - деди Тошкентдан ташриф буюрган "Иффатли келин" нодавлат таълим муассасаси ўқув марказининг бош директор ўринбосари Барно Каримова. Бу филиалимиз сиз азизларнинг бизга йўллаган мактубларингиз, талаб ва таклифларинигз асосида очилди. Сизларга катта тажрибага эга ўқитувчилар, ҳунармандлар, психологлар хуллас ўз касбининг усталари машғулотларини олиб боришади.

Тадбирда шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Рахимова сўзга чиқиб филиал истиқболи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қизиғи шундаки, ушбу ўқув марказининг журналида шу куниёқ 26 нафар ўқув машғулотларида қатнашиш  истагини билдирган иштиёқманд ёшлар рўйхатга олинди.

Фазилат АБДУЛЛАЕВА

 

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM