ОҚАР СУВНИНГ ТИЛИ ЙЎҚ

Қирқ йиллик журналистик фаолиятим давомида айнан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусига бағишлаб ўнлаб мақола, мулоҳаза учун мавзу ва шунга ўхшаш Республика ва вилоят газеталарига чиқишлар қилдим. Айтайлик “Сувга туфлама, увол бўлади”, “Дарахтлар ҳам йиғлайди”, “Бир қултим сув”, “Асрор бобо нега тажанг”, “Бойназарнинг аҳволи нима бўлади”, “Сув омборини ким қутқаради”, “Сувни заҳарлама, у сендан қасдини олади” сарлавҳалар остида шу йиллар давомида туркум мақолалар ёздим.

Минг афсуски, ана шу газеталарда чиққан мақолаларим очиғи ўзини кутилган натижаларини бермади. Тўғри, мақола эълон қилингандан кейин тегишли мутассади ташкилотлар, ҳаттоки шу соҳа вазирликларида бу мақолалар муҳокама бўлиб қатъий чоралар кўрилиб, шу юзасидан қарорлар қабул қилинди. Буни инкор қилиб бўлмайди.

Бироқ вақт ўтиши билан қабул қилинган қарор ўз кучини йўқотиб, назоратдан четда қолиб, ҳамманинг эсидан чиқиб кетди. Бир муддат экология, санитария-эпидемиология ходимлари оёғи куйган товуқдай ўша пайтда чопиб қолишди. Лекин бу ҳаммаси вақтинча ва юзаки бўлиб чиқди. Шунга ачинасан киши.

Узоққа бормайлик, Миёнкол ўлкасидаги Пахтачи туман, Наҳрипай, Каттақўрғон, Иштихон, Навоий вилоятининг Хатирчи туман аҳолиси Каттақўрғондаги сув омборидан чиқадиган сувдан ўз экинларини суғоришда фойдаланади ва аксарият юқорида айтилган туман аҳолиси ана шу сувдан истеъмол қилади. Бойназар сув тозалаш иншооти ана шу сувни зарарсизлантириш учун катта маблағ эвазига қурилган ва бир муддат фаолият кўрсатиб, қатор йиллардан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ана шундай муҳим иншоотни таъмирлаш бугун ҳамманинг эсидан чиқиб кетган. Ваҳоланки, ушбу иншоотни тиклаш учун Жаҳон банки маблағ ҳам ажратганди. Минг афсуски, бу ҳам қоғозда қолиб кетиб, маблағ беиз йўқолди. Бундан ташқари “Асрорбобо нега тажанг”, “Сувга туфлама, увол бўлади”, “Сувни заҳарлама, у қасдини олади” каби маколаларимда ҳам Каттақўрғон сув омборидан бошлаб Наҳрипай ва чиқиш каналлари бўйида ўнлаб ошхона, автомашиналарни ювадиган “мойка”лар ўз чиқиндиларини айнан ана шу оқар сувга оқизиб, сувни ифлослантираётганлиги, энг ёмони уни заҳарлаётганлиги аниқ фактлар билан ёзилганди. Шунингдек, айнан Наҳрипай ҳамда чиқиш канали бўйида истиқомат қилаётган аҳоли ўз ошхоналари, ҳаммомлари, ҳаттоки, ҳожатхоналарини уйидан қувур билан каналга оқизмоқдалар ва сувни ифлослантирмоқда. Бу мақолалар эълон қилингандан кейин Экология ҳамда санитария-эпидемиология ғафлат уйқусидан уйғониб, “Автомойка”, “Ошхона" ҳамда бир неча хонадонларга катта миқдорда жарима солди. Лекин алам қиладиган томони бир муддат ўтгандан кейин барчаси яна ўз билганидан қолмай эскичасига фаолият кўрсата бошлади.

Ҳайрон қоласан киши, бугун одамларимизнинг сувга бўлган муносабатини сувнинг тили бўлса ўзи айтсин, айрим одамлар уйдаги ахлатлари, мағзавалари билан ҳеч нарсадан тап тортмай зилол сувни булғамоқда. Ахир газеталар, телевидениеларда эълон қилинадиган мақолаларга айрим кишилар мутлақо эътибор беришмайди. Ҳалигача айрим одамлар оқар сув иншоотларига ўлган ҳайвонлар жасадини оқизмоқда. Билмадим бу бедодлик қачонгача давом этаркан?.. Ахир дунёдаги айрим мамлакатларда бир қултим сув анқоннинг уруғи, биз эса унинг  қадрига етмаяпмиз. Бу ҳам камдек атроф-муҳитнинг софлигини, унинг шаффофлиги таъминлайдиган дарахтзор ва ўрмонларга ваҳшийларча муносабатда бўлмоқдамиз. Дарахт ва новдаларни чопиб, яшиллик оламига хиёнат қилмоқдамиз. Дарахтлар ҳам тирик зот, буни тушуниш керак. Ҳаммадан ҳам мурғак ниҳоллар мевали дарахтларни чинқиратиб  ёқиб, ундан кабоб ва бошқа овқатлар учун ишлатмоқдамиз. Бизнинг бу қилаётган бағритошлигимиз бир кун келиб бошимизга бало бўлиши мумкин.  Буни унутмаслигимиз керак. “Эккан ўради, қилган топади” деган мақолни мағзини чақиб кўрайлик. Бугун табиатни, зилол сувни асрамасак, эртага кеч бўлади. 

Азим ҚОДИРОВ.

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM