КАТТАҚЎРҒОН ИСТЕЪДОДЛИ ИЖОДКОРЛАР ВАТАНИ

XVIII аср охиридан бошлаб Каттақўрғон мавзеида қатор истеъдодли шоирлардан иборат ўзига хос адабий анъаналар муҳити шаклланиб ривожланиб келган. Каттақўрғон шоирлари дейилганда Каттақўрғон ва унинг теварак-атрофидаги қишлоқларда истиқомат қилган бир-бирлари билан ижодий алоқада бўлган шоирлар кўзда тутилган. Ўз замонасининг анча етук ва забардаст шоирлари Муҳаммад Шариф Шавқий, Эшонхўжа Вола, Ҳакима, Муҳаммад Очилдимурод Неъматулла ўғли Мирий, Авазмуҳаммад Видоий, Абдулқодир Мухаммадшокир ўғли Ноқис, Аҳқар Аҳмад Абдулхаким ўғли, Нурмон шоир, Саоҳиддин Жалолиддин ўғли Салоҳий, Мутриба, Қори Муҳаммад Расул Зубайдулла хўжа ўғли Ножий, Абдулҳамид Мажидий, Тошпўлат Саъдий ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ўзбек адабиёти тарихида ўзига хос мавқега эга бўлган истеъдодли шоиралардан бири Саломат Парда қизи Мутриба 1894 йилнинг 20 августида Каттақўрғоннинг Қаландархона маҳалласида мактабдор домла оиласида туғилган. 12 ёшида қизлар мактабини битиргач, мустақил мутолаага берилган. Адабиётга меҳр-иштиёқи зўр булган ёш Саломат Навоий, Ҳофиз, Бедил каби улуғ шоирлар ижодини ўрганган. 14-15 ёшидан устози Ҳакима раҳбарлигида шеър ёзишга киришади.

Мутрибани 16 ёшида Умар исмли бир мусофир муллага узатадилар. Мулла Умардан бир ўғил, икки қиз дунёга келади. Абдулла, Биби Робия, Биби Хадича, бироқ кўп ўтмасдан бошланган биринчи жаҳон уруши уларнинг оиласига оғир мусибатлар келтирди. Болалигидаёқ онасидан етим қолган Саломат 1915 йилнинг икки - уч ойи давомида вабо сабабли бувиси, отаси, синглиси ва ниҳоят эридан ажралиб, гўдаги билан ёлғиз қолади. У эрта саҳардан кеч оқшомгача бировларнинг кирини ювиб, қаноат ва машаққат билан кун кечиради.

Саломат опа 1922 йилда Митан волост бошлиғи Мулла Қорақулга турмушга чиқади. Улардан Назокат исимли қиз дунёга келади. Мулла Қорақул ғоятда пок, маданиятли, айни замонда шоирпараст инсон бўлган. Улар бахтиёр ҳаёт кечира бошлайдилар Бир-бирларига бўлган меҳру садоқатлари уларнинг шеърий номаларида самимий ифодасини топган. Бироқ уларнинг тотли ҳаётлари узоққа бормайди. 1925 йилда Мулла Қорақулни босмачиларни қурол-яроғ билан таъминлашда айблаб қамайдилар ва ўша ерда вафот Шоиранинг муҳаббатли қалбини яна мусибат, дарду алам қоплайди. Бироқ, унда ҳаётга муҳаббат кучли бўлганидан, ғам-аламни сабот билан енгади. У она бахтини фарзанд ва невараларининг меҳрибонлигида деб билади ва “Ёднома” шеърида ўзининг бахтиёрлигини тараннум этади.

Саломат Парда қизи Мутриба 1964 йил 7 феврал куни вафот этган.

Бугунги кунда Каттақўрғон  шаҳар тарихи музейида Саломат Парда қизи Мутрибанинг араб алифбосида ёзилган “Ёднома” шеърий тўплами, Муҳаммад Шариф Шавқийнинг ижодидаги шеърларидан Мутриба томонидан араб алифбосида кўчириб ёзилган қўлёзмаси билан бир қаторда шоиранинг фото суръатлари, шунингдек, 1963 йил 27 июлда у кишининг 70 йиллиги олдидан ўтказилган тадбирда тақдим этилган табрикномалар ва фахрий ёрлиқ экспозицияга қўйилган ва экспонат сифатида сақланмоқда.

Д.ТАИРОВА,

Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши

депутати, шаҳар тарихий музей мудири.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM