ЖУРНАЛИСТ ДЕМОКРАТ БЎЛМОҒИ ШАРТ

Ҳар сафар журналистларнинг касб байрами арафасида оммавий  ахборот воситалари номи тилга олиниб, “Тўртинчи ҳокимият”нинг амалдаги фаолияти ва унга жамиятнинг муносабати ҳақида гапирилади.

Ўтган давр ОАВлари ва жамият ҳаётида катта воқеаларга бой бўлди. Айниқса, интернет журналистикаси, Блогерлар фаолияти ижтимоий тармоқлар платформасида ўзининг ўткир чиқишлари билан ажралиб чиқди. Айрим босма нашрлар “ухлаб” мамлакатда рўй бераётган жараёнларда ўз фикрини билдиргунга қадар  ижтимоий тармоқларнинг фаол блогерлари аллақачон ўз фикрларини оммага етказиб қўя қолишди. Бу эса турли даражадаги расмий ҳужжатларнинг халққа тадбиқ этишда унинг мусбат ва манфий томонларини кўра била олмаган хужжат лойиҳалари муаллифларининг шошма-шошарлигини ошкор этди. Бунинг далили сифатида автомобилларнинг кундуз куни ёритиш чироқлари билан ҳаракатланиши ёки болалар учун мактаб формасининг мажбурийлиги тўғрисидаги қарорларнинг қайта кўриб чиқилишига сабаб бўлганлигини айтиш ўринли.

Танқидий мақолалар кўлами кенгайди. Жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда кўплаб мавзуларда баҳс-мунозара кетмоқда. Баҳсларнинг аҳамияти катта.Чунки кучли фуқаролик жамияти халқ орасидаги мана шундай баҳслардан, муҳокамалардан туғилади. Кучли фуқаролик жамиятисиз ислоҳотларни амалга ошириш қийин.

 Оммавий ахборот воситалари том маънода эркин бўлиши керак. Журналистнинг  вазифаси ахборот, бўлаётган воқеаларни холис  ёритишдир, кимнидир тарбиялаш, яхши ва ёмонни ажратиб бериш, ёки ҳукм чиқариш унинг вазифасига кирмайди. Фақат бунда ўз профессионал ишини бажараётган журналистга ҳалал берилмаса бас. Чунки, муаммони кўтариб чиқиб, бюрократия ботқоғига ғарқ бўлаётган қандайдир даражадаги  амалдорнинг қилмишини фош этилиши ҳар кимга ҳам ёқавермайди. Натижада танқид қилган ижодкорга нисбатан жамиятни “қайраш” журналистни яккалашга уриниш содир бўлади. 

Журналистлар, блогерлар ҳақиқий сўз эркинлигининг қарор топиши, жамиятдаги коррупция, порахўрлик каби қонун бузилиши ҳолларини фош қилишда давлат органларига беминнат ёрдам кўрсатмоқда. Шу боис амалдорлар ҳеч қачон журналистларни ўзларига хавф сифатида кўрмаслиги керак.  Ҳар холда мазкур давлат хизматчиси ҳалол ишласа, у журналистлардан қўрқмаса ҳам бўлади.

Президент Ш. Мирзиёев  журналистлар фаолияти ҳақида гапирганда «Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди, - деган эди. Президентимиз шунингдек, «Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби», - деб таъкидлаган эди.

Ғарб давлатларида  сўз эркинлиги энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланади. У ерда  бирор журналист қайсидир амалдорни ишини танқид қилса ва ҳатто ҳақорат қилса, ўша амалдорнинг  журналист ёки оммавий ахборот воситаси билан келишмовчиликка борганини  ёки  уни судга берганини эшитмайсиз. Чунки улар биладики,  халқаро ҳуқуқ тизимида жамоатчиликнинг ахборот олиш ҳуқуқи жамоатчилик эътиборидаги шахснинг  шахсий дахлсизлик ҳуқуқидан устун туради.  Яъни, амалдорга нисбатан ҳақорат рўй бергани даъво қилинган ҳолатларда ҳам, агар бу нотўғри маълумот “қасддан ва нотўғрилиги маълум бўла туриб” тарқатилгани исботланмаса, журналист жазога тортилмайди. Шу туфайли  демократик, ривожланган давлатларда журналист билан ўчакишиш, судлашиш ҳолатлари кузатилмайди.

Танқидга келажак меваси дея қараш керак. ОАВ орқали маълум бир масала юзасидан танқидий чиқиш ўша раҳбарнинг ўз вазифасига нолойиқ эканлиги ёки мақтов йўғрилган мақола унинг хизмат даражасини юқорироқ кўтаришга ишора бўлиши керак эмас. Оддий солиқ тўловчи ҳисобидан ойлик маоши олаётган амалдор  жамиятга ҳисобдор ва фаолияти очиқлилиги учун масъуллигини унутмаслиги, унинг иши “тўртинчи ҳокимият” томонидан мудом нишонда эканлигини ҳазм қилиши даркор.

Ҳисоботларга кўра, Евросиё минтақасининг 80 фоизидан кўпида матбуот эркин эмас, 20 фоизидан камида эса қисман эркин ҳисобланади. Бугун бизнинг  матбуот эркинлигимиз, бу борада  демократия тараққий этган давлатлар  билан бир қаторда бўлишимиз учун миллий оммавий ахборот воситаларимизни ривожлантиришга қаттиқ бел боғлаган замонавий журналистлар етишиб чиқаётганлиги қувонтиради.

Зеро, ахборот ҳамда сўз эркинлиги жамият ривожининг асосий шартидир. Бу ҳақиқатни қанчалик тезроқ англаб етсак, ўзимизга яхши. Давлатимиз ва жамиятимиз, орзуимиздаги Ватан тимсоли эркин ва демократ журналистларнинг фаолиятига ҳам боғлиқ. 

Жамшид НОСИРОВ

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM