КОРРУПЦИЯ-ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказиб, инсон ҳуқуқларининг  бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат ривожланиши учун ўта хавфли ҳисобланган  уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига имкон яратади.

Коррупция- лотинчада «пора бериб сотиб олиш» маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият маъносини англатади. Шунингдек, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар ҳам киради.

Албатта, ҳар қандай демократик  давлат ушбу иллатнинг авж олишига йўл қўймасдан унга қарши тизимли равишда иш олиб борилишни тақозо этади.

Коррупцияга қарши курашда давлат идоралари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришлари муҳим аҳамият касб этади. Адолат тамойилларини қарор топтиришда, албатта жамият аъзоларининг ҳуқуқий билим ва малакаларининг етарли даражада бўлиши, қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш тамойилини қарор топтириш муҳим ҳисобланади. Шубҳасиз, аҳоли ҳуқуқий онгини кўтариш ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида коррупция ҳақида, унга қарши кураш ва унинг олдини олиш чораларини кўришга бағишланган мавзуларда давра суҳбатлари ташкил қилиш, коррупция таркибидаги жиноятлар, жумладан, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор қонунбузарликлар учун белгиланган жазо чоралари ҳақида етарли даражада тушунча ва маълумотлар бериб бориш ўринлидир.

Ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан, демак унга қарши курашиш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотига эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган иш ҳисобланади. Шундай экан барчамиз ушбу иллатнинг авж олишга, ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг бузилишга  йўл қўймаслигимиз лозим.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, коррупцияга сезиларли зарба бериш учун, энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари билан бир қаторда, унга шахсан риоя қилиш ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш ҳамда мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозим.

Махсуд ХЎЖАМОВ,

Самарқанд вилоят Давлат молиявий назорати

 бошқармаси Ахборот таҳлил ва маълумотлар

 базасини шакллантириш сектор мудири.

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM