РАМАЗОН - ОЙЛАР СУЛТОНИ

Еру осмон яратилгандан бери, бир йилда ўн икки ой бор. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади - Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир” (Тавба сураси, 36-оят).

Динимизда мана шу ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради.

Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, дедилар. Шунда: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дейилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган).

Рамазон ойида рўза ибодатининг адо этилиши бу ойга файз бахш этади. Рўза ибодати – рўзага лаёқатли кишининг тонг отгандан қуёш ботгунича ният билан ейиш-ичиши ва жинсий алоқадан тийилишидир. Мазкур нарсалардан тийилсаю умуман Рамазон рўзасини тутишни ният қилмаса, рўзаси дуруст бўлмайди. Рамазон рўзасининг ҳар куни учун алоҳида ният қилинади. Эртанги кун учун ният қилишни қуёш ботиши билан қилиш мумкин. Ниятни қалбда қилиш фарз бўлиб, тилда ҳам айтиш мустаҳабдир (“Фатовои ҳиндия”).  

Озгина бўлса ҳам саҳарлик қилиш суннатдир. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни то пешин вақти киргунича ният қилади ва тутган рўзаси дуруст бўлади.

Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ё жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди” (“Фатовои ҳиндия”, “Шарҳут Таҳовий”).

Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан Шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Ифторни тезлатиш афзал ва қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир (“Фатовои ҳиндия”). 

Рўзадор киши унутиб, еса, ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси очилмайди, лекин рўзадорлиги ёдига келган заҳоти еб-ичишдан тўхтайди, ҳатто оғзида чайнаб турган луқмани ҳам ютмайди.

Эҳтилом, яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, у ўзи ихтиёри билан бўлмаган.  Бундай ҳолатда рўзадор ғусл қилиб олиши етарли бўлади.

Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз ёки нифос қони кўриб қолса, рўзаси очилиб кетади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.

Ҳайз қони тонг отмасдан тўхтаса ва ҳали тонггача ғусл қилса бўладиган вақт ҳам бўлса, гарчи ғусл қилмасада рўза тутиши лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса, улгурмайдиган вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.

Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий