ОИЛА- МУҚАДДАС ДАРГОҲ уни асраб авайлайлик!

Оила бу эр-хотин, фарзандлар ва яқин қариндошлардан иборат бўлган кичик бир тузилма бўлиб, жамиятнинг асосини ташкил қилади. Албатта оиланинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкам бўлиши лозим. Чунки оила вужудга келиши билан унинг ҳар бир аъзоси маълум мажбурият ва ҳуқуқларга эга бўладилар. Агар эр-хотин, фарзандлар ва ота-она ўз мажбурияти ва ҳуқуқларини яхши англаса ва унга амал қилса албатта оилаларнинг тинчлиги, тотувлиги бузилмайди, муносабатлар дарз кетмайди.

Қолаверса оила муқаддас даргоҳ. Чунки оила аъзолари бир-бирлари билан ўзаро меҳр оқибат, муҳаббат, қондошлик, садоқат, вафо ришталари билан чамбарчас боғлиқ. Мана шундай инсоний туйғулар, узилмас ришталар билан тузилган “Оила” деб аталмиш қўрғон албатта муқаддас бўлади.

Лекин айрим оила аъзолари бу тушунчани жиддий қабул қилмайдилар. Арзимаган баҳоналар билан эр-хотинлик, фарзандлик ришталарини узишга ҳаракат қиладилар. Натижада оила пароканда, фарзандларнинг кўнгли ярим бўлиб қолади.

Албатта кейинги вақтларда оилаларда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, уларнинг бузилиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шаҳримиз мисолида оладиган бўлсак ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда доимий равишда ёш оилалар, энди оила қурмоқчи бўлган ёшлар, қайноналар билан маҳаллаларда, таълим муассаларида давра суҳбатлари ўтказилиб, никоҳнинг муқаддаслиги унинг оила бардавомлигидаги ўрни, оилада эр ва хотиннинг мажбуриятлари, ўзаро ҳурмат, аҳиллик ҳақида тушунчалар бериб борилмоқда. Албатта бу ишлар озми-кўпми ижобий натижа бермоқда. Буни қуйидаги кўрсаткичлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, шаҳар миқёсида 2018 йилнинг тўрт ойида никоҳ 180 та бўлса жорий йилнинг 4 ойида 176 та қайд этилган, туғилиш 914 та бўлган бўлса, бу йили 1020 та, яъни 106 тага кўпайган, ажримлар сони 47 тадан бу йилда 42 та, яъни 5 гага камайган (42 та ажримнинг 12 таси ФХДЁ бўлимида, қолганлари суд тартибида амалга оширилган). 176 та қайд этилган никоҳнинг 19 таси шаърий никоҳ асосида яшаб, сўнг никоҳни ФХДЁ бўлимида расмийлаштирган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, кўпчилик ёшлар оила қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш лозимлигига унчалик аҳамият бермайдилар. Тўйдан сўнг қиз ёки йигитнинг касаллиги маълум бўлиши оиланинг бузилишига олиб келади. Шунинг олдини олиш мақсадида никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилганда 5 та касаллик борлиги аниқланди.

ФХДЁ бўлими қошида “Ёш оила мактаби” ва “Оила дорилфунуни” ташкил этилган. Ойда икки марта никоҳга ариза берган ёшлар ва мактаб, коллеж ўқувчилари ўртасида  ҳамкор ташилотлар билан биргаликда ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Албатта машғулотлар давомида ёшларга оиланинг муқаддаслиги, қайнона-келин муносабатлари, оиланинг тотувлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашдаги асосий омиллар хусусида тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Ўйлайманки оиланинг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг фарвонликда ва бахтиёр яшашлари ҳар жиҳатдан уларнинг ўзларига боғлиқ. Ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Ота-оналар ҳам ёшларга ўрнак бўлиб, тажрибаларини ўргатсалар, оиладаги гап-сўзларни маҳаллага, кўчага ёки келинларимиз ота-онасининг уйига ташимай жойида ҳал қилсалар, албатта келиб чиқиши мумкин бўлган жанжалларнинг олди олинади, орадаги меҳр-оқибат йўқолмайди. Шундай экан биз умуман оилаларда ажримлар бўлмаслигини, фарзандлар етим бўлиб қолмаслигини, эр-хотинлар қўша қаришларини ва барча оилаларда бахт деб аталмиш қушнинг абадий қўним топишини истардик.

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM