ЭРКИН САЙЛОВ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛДИ?

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунига биноан МФЙ раислигига сайловлар бошланди. Қонунга кўра сайлов тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблар асосида амалга ошириш, сайлов жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш керак. Бу йилги сайловлар демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш имконига эга бўлишди.

Аввал хабар қилганимиздек, шаҳримизда мазкур сиёсий жараёнларни эркин ва ошкора, демократик руҳда ўтказиш билан боғлиқ бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилган эди. Ва ниҳоят бугун “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайлов ўтказилиб, мазкур сиёсий жараёнларга старт берилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида маҳалла раислигига бўлиб ўтган сайловда муқобиллик асосида шу кунга қадар ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаб келган Эркин Жўраев, Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги 2-сон академик лицей ўқитувчиси Облоқул Нурмуродов ва транспорт коллежи ўқитувчиси Наргиза Турсунқуловалар кураш олиб бордилар.

Сайлов дастурига кўра сайлов олдидан сўзга чиққан ҳар бир номзод ўз дастурини ўқиб эшиттириб, “нима учун айнан у маҳалла раиси бўлиши керак”деган тезисни ҳимоя қилишга уринди. Бу орқали маҳалла вакиллари ва бошқа фуқаролар ишонч билдиражак номзодлари тўғрисида атрофлича маълумотга эга бўлишди.

Ёпиқ ўтказилган сайлов натижаларига кўра Эркин Жўраев етакчиликни қўлга киритди ва ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланди. Э.Жўраевнинг фуқаролар йиғини раислигига ваколат муддати янги таҳрирдаги қонунга кўра уч йилдир.

“Навбаҳор” маҳалласининг янги раисига маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳар бир инсон тақдири йўлида олиб боражак масъулиятли меҳнати йўлида куч-қувват тилаб қоламиз.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM