ҚАДРЛИ ҲАМШАҲАРЛАР!

Она диёримиз ўлкан бунёдкорлик, туб ислоҳотлар ва юксалиш сари олға қадам ташламоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг оқилона сиёсати боис, мамлакатимиз чирой очиб, жаҳондаги энг гўзал диёрлардан бирига айланиб бормоқда. Ҳар биримиз шу азиз Ватан қадрига етишимиз, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.
Муборак қадриятларимизни фарзандларимизга ўргатайлик, улар билан бой ҳаётий тажрибамизни баҳам кўрайлик, маслаҳатимиз ва ўгитларимизни аямайлик.
Истиқлол ўзлигимизни англаш, миллий анъаналаримизни тиклаш имконини берган шундай қутлуғ кунларда ҳали ҳам учраб турадиган баъзи нуқсонларга барҳам бериш барчамизнинг бурчимиздир.
Хусусан, қабристонларни обод этиш, эъзозлаш марҳумларга кўрсатиладиган хурматдир. Афсуски, баъзи фуқаролар бу каби хайрли ишлардан ўзларини олиб қочадилар. Кўпгина қабрлар биз тирикларнинг эътиборсизлигимиз туфайли чўкиб, бегона ўтлар орасида қолиб, аянчли ҳолга келиб қолганлиги ҳам ҳақиқатдир. Қабрларни зиёрат қилиб, ҳеч бўлмаганда атрофини тозалаб уларнинг ҳақларига дуо қилишдек савобли ишларни бажаришга ўз ҳиссамизни қўшайлик. 
Зеро, бугун биз катталар ёшларга ибрат бўлиб ўтганларни эсласак, улар ётган ерларни обод қилсак, қариндош уруғ, қўшничиликни ўрнига қўйсак, албатта келажак авлодлар ҳам бу  каби хайрли амалларни давом эттирадилар.
Дунёдан ўтган инсонларнинг туроблари мангу қўним топган муқаддас қабристонларни асраш, ободонлаштириш, қабрларни зиёрат қилиб, руҳларини шод этиш ҳар бир фуқаро, маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг инсоний бурчи эканлигини унутмасликлари лозим.
Шу мақсадда шаҳримизда қабристонларни обод қилиш ҳафталигини уюштиришга қарор қилдик.
Муҳтарам ОТАХОН ВА ОНАХОНЛАР, АКА-УКАЛАР!
“Қабристон ободлиги” ҳашарида барчага, энг аввало, юртимиз келажаги бўлган азиз ёшларимизга бош-қош ва ўрнак бўласиз деб умид қиламиз. 
Сизга ҳурмат билан Каттақўрғон шаҳар хокимлиги.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM