НАВБАҲОРДА РАИС "САЙЛАНДИ"

Маълумки яқин кунларда  маҳалла фуқаролар йиғини  раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Ҳудудларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан ушбу жараёнга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Шаҳримиздаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси томонидан Каттақўрғон шаҳар, Нарпай, Каттақўрғон, Нуробод ва Пахтачи туманлари кўмаклашувчи комиссиялари ва ишчи гуруҳлари учун ҳудудий семинар бўлиб ўтди. Сайловни ошкоралик, муқобиллик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ўтишини таъминлаш ва фуқароларда сайловни ўтказилиши ҳақидаги тасаввурларни шакллантириш мақсадида ташкил этилган ушбу семинарда шаҳардаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинига намунавий  тарздаги маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови бўлди. 

Семинар давомидаги сайлов жараёни  2018 йил 15 октябрдаги ЎРҚ-499-сонли “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги  “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори талаблари асосида ташкил этилди. Намунавий сайлов жараёнида фуқаролар жуда фаол қатнашдилар.

Амалий семинарда сўзга чиққан  фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Нигора Раббимова, комиссия масъул котиби Фотих Рахматов ҳамда фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси Эркин Зубайдуллаевлар ушбу намунавий сайлов ўтказиш жараёнида йўл қўйилган камчиликлар хусусида тўхталиб, май ойида бўлиб ўтадиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ҳар жиҳатдан мукаммал тарзда ўтишини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини  билдирдилар.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM