ҚЎЛГА ОЛИБ ДЎМБИРАСИН...

Ингичка қўрғонидаги 4-маданият маркази “Чанқовуз” фольклор дастаси қатнашчиси Нурмамат Эшмуродов (Хуррам бахши) яқинда Термиз шаҳрида ўтказилган биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалида совриндор бўлди. Хуррам бахши фестиваль ҳайъатининг “Ёши улуғ бахши” номинациясидаги дипломи ҳамда 1 000 000 (бир миллион) сўм пул мукофотига сазовор бўлди.

- Бахшичилик фестивалини ташкил этган Президентимизга бош эгиб, таъзим қиламан, - дейди етмиш баҳорни ортда қолдирган нуроний оқин Нурмамат ака Эшмуродов, - бугун биз бахши – шоирлар ҳам қадр – эътибор топганлигимиздан беҳад хурсандмиз.

Нурмамат оқин чорак аср Ингичка кон бошқармасида ишлади. Ер қаъридан маъдан қазиб кончи деган номни ҳалол меҳнати билан оқлади.

- Нурмамат ота Эшмуродов нафақага чиққач доимий йўлдоши – дўмбираси жўрлигида достону-термалар куйлашга киришган экан, - дейди шаҳар ҳокимлиги маданият бўлими мудири, Сурхондарёда ўтган бахшичилик фестивали меҳмонларидан бири Одил Бозоров, - Хуррам бахши тахаллуси билан жўшиб ижод этаётган Н.Эшмуродов 2004-йилдан эътиборан Каттақўрғон шаҳар биринчи маъданият маркази “Навбаҳор” – ҳаваскорлик ашула ва рақс дастасининг фаол қатнашчиларидан бири сифатида назарга тушди, вилоят ва шаҳар миқёсидаги байрамлар, кўрик-танловларда олқишларга сазовор бўлди.

Хуррам бахшининг “Термалар” тўплами 2005 йил Самарқанднинг “Зарафшон” нашриётида 500 нусхада чоп этилиб тарқатилди. Мазкур китобчадан оқиннинг “Келиной”, “Тоҳир-Зухра” достонлари, Ватан, тинчлик, Она - Ўзбекистон, меҳнат, табиат, севги ва садоқат мадҳ этилган ўттиздан ортиқ термалари жой олган.

- Хуррам бахшининг “Термалар” тўплами нашр этилишида Каттақўрғон шаҳар маданият бўлимига узоқ йиллар раҳбарлик қилган бағри кенг инсон, раҳматли Эшмамат Хушиевнинг хизматлари катта бўлганди, - дейди Ингичка қўрғонидаги 4-маданият маркази директори Пўлат Шониёзов, - зеро, китобчани чоп этиш учун биринчи навбатда ҳомий топиш лозим эди-да, ахир?!

Бу хайрли ишни, яъни, Хуррам бахши тўпламини нашр этиш харажатларини Э.Хушиев ўз зиммасига олганди.

...Айни кунда нуроний оқин Нурмамат Эшмуродов невара, эваралар, бахши-шогирдлари даврасида кексалик гаштини сураётир. Севимли сози-дўмбира жўрлигида янги-янги термалар куйлаяпти. У Ингичка қўрғончасидаги 4-маданият маркази “Чанқовуз” дастасининг фахри, яккахонларидан биридир.

Сурхондарё фестивалидан мукофотлар олиб, хушнудона қайтган кончи-бахшини айни кунларда шаҳар маданият бўлими жамоаси, Ингичкалик мухлислари қутлашаётир.

Хуррам бахши Эшмуродов ўнга яқин шогирдларининг бағри кенг устози ҳамдир.

Хуррам бахши қўлга олиб созини,

Дўмбирага жўр қилиб овозини,

дея термалар битаётган оқинга бардамлик, жўшқин овоз ёр бўлсин.

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM