МАҲАЛЛА РАИСИ САЙЛОВИ АДОЛАТЛИ ЎТКАЗИЛИШИ ЛОЗИМ

Каттақўрғон Педагогика коллежи мажлислар залида Каттақўрғон шаҳар, Каттақўрғон, Иштихон, Нарпай, Нуробод, Пастдарғом ҳамда Пахтачи туманлар кенгашларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари раислари ва аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди. 

Ушбу семинарда Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Н.Раббимова, ушбу комиссия раиси ўринбосари Б.Насриев, Олий Мажлис Сенатининг ташкилий-назорат бўлими мудири ўринбосари А.Бобоев сайлов жараёнида комиссия ва ишчи гуруҳлар эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритди. Шу билан бир қаторда янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти ва жорий йилнинг май ойида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сайловининг ўтказиш тартиби ҳамда сайлов жараёнларини олиб борилиши бўйича тўлиқ тушунтиришлар берилди.

Таъкидланишича, “Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, Қонун билан маҳалла раисининг ваколат муддати икки ярим йилдан 3 йилгача узайтирилди. Шунингдек, сайловда иштирок этувчи вакилларнинг минимал нормаси белгиланди. Қонун билан фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Қайд этилишича, эндиликда ҳар уч йилда бир ўтказиладиган сайловлар фақат май ойида бўлади. Шунингдек, бу жараёндаги бошқа ўзгаришлар ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.

Ўқув-семинар иштирокчилари Қонун юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди. 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM