
Шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги 80 сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари, ХДП марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятов, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят кенгаши ҳамда шаҳар кенгаши депутатлари, тегишли ташкилот, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Дастлаб, яқинда шаҳар ҳудудида олиб борилган ўрганишлар давомида маҳаллаларда, ижтимоий соҳа объектларида, коммунал хизмат корхоналарда амалга оширилган ишлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Бекмирза Эшмирзаев ахборот берди.
Шундан сўнг сессия кун тартибидаги биринчи масала, яъни Каттақўрғон шаҳрида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги юзасидан Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Ғулом Исломов ҳамда шаҳар прокурори Исмоил Нуриддиновларнинг ҳисоботлари тингланди.
Депутатлар ушбу масала юзасидан саволларига жавоб олдилар.
Каттақўрғон шаҳрида 2023 йилнинг ўтган даврида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларнинг ҳолати ҳамда келгусида белгиланган асосий вазифалар ҳақидаги сессия кун тартибига қўйилган навбатдаги масала юзасидан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг ҳисоботи депутатлар эътиборига ҳавола этилди.
Сессия давомида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг Каттақўрғон шаҳрида 2023-2024 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳолати бўйича қилинган ишлар ва келгусидаги амалга оширилиши белгиланган вазифалар тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилди.
Сессия якунида кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари, ХДП марказий кенгаши раиси У. Иноятов ҳамда халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар кенгаши депутатларининг фикр ва мулоҳазалари эшитилди.
Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.