КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ М.К.ХАШИМОВНИНГ БАЙРАМ ҚУТЛОВИ

Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар! Она табиат чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканиб, баҳор таровати оламга файз киритаётган шукуҳли дамларда сизларни 8-март Хотин-қизлар байрами билан чин қалбдан табриклайман.

Биз бугун Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, меҳрибон оналаримиз қаршисида бош эгиб таъзим бажо келтирамиз, опа-сингилларимизга самимий тилаклар билдирамиз.

Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, садоқатли аёлларга яна бир карра ҳурмат ва эҳтиромимизни баён этамиз.

Эътибор беринг, ўзининг беқиёс меҳр ва фидойилиги, сабр-қаноати ва чидамлилиги билан хонадонларимизда, бутун жамиятимизда тинчлик-ҳотиржамлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб, ҳаётимизга файз-тароват бағишлайдиган, тунлари бедор бўлиб, болаларимизни баркамол инсонлар, Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари этиб вояга етказаётганлар ким? Улар меҳрибон ва оқила аёлларимиз эмасми? Бугун биз каттақўрғонликлар шаҳримизда қўлга киритилаётган барча ютуқ ва муваффақиятларда хотин-қизларимизнинг ҳам беқиёс ҳиссалари борлигини алоҳида таъкидлаймиз. Шаҳримиз аҳоли сонининг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил  қилади. Ушбу хотин-қизлар орасида 178 нафар ишбилармон аёллар, 67 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритишмоқда. Корхона, ташкилот, муассасаларимизга 43 нафар билимли, зиёли, тажрибали аёлларимиз раҳбарлик қилишаётир. 10 нафар депутат аёлларимиз эса мудом эл орасида. Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази фаоллари маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда, билим масканларида оилани мустаҳкамлаш, фарзандлар тарбияси, оналик ва болалик муҳофазаси мавзуларида учрашувлар, фойдали мулоқотлар ўтказишмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 2 февралда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон қабул қилинган эди. Фармонда жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди. Комил ишонч билан эътироф этмоқчиманки, бизнинг шаҳримизда ҳам бу нуфузли нишонга лойиқ хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади.

Азиз ва қадрли опа-сингилларим! Бамисоли баҳор элчиси бўлиб келаётган, ўзингиздек гўзал ва дилбар бугунги қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман! Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлинг, умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин!

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM