Тадбиркорларнинг ижтимоий солиқ ставкалари 2 бараварга камайтириладими?

Куни кеча Давлатимиз раҳбари раислигида Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш ишларини янги поғонага олиб чиқиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

 Унга кўра 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор 500 минг малакали мутахассис дастури амалга оширилади. 2023-2024 йилларда ушбу дастур учун 1 миллард долларлик маблағ ажратилади.

Бугун шаҳар давлат солиқ идораси биносида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда Солиқ идораси бошлиғи Фаррух Ғаниев ҳамда тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш ушбу масалага бағишланди.

Шаҳар ҳокими тадбиркорлар билан суҳбат асносида бу борада белгиланган ишлар камбағалликни қисқартириш билан бирга тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар эканлигини ва бу имкониятлардан фойдаланган тадбиркор албатта, ҳам ўзининг фаолиятини ривожлантириши ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган аҳолини иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишини билдирди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар ушбу дастурга кирган табиркорлар учун берилаётган имтиёзлар ҳақида сўз юритдилар.

 Жумладан:

- камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиниши;

- 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларнинг ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилиши;

 Шунингдек, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликларга эга бўлиши; хусусан:- улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмаслиги;

- уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилиши;

- қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмаслиги;

- барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилиши;

- божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши каби имтиёзлар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан бирга камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши тушунтирилди.

Тадбиркорлар ўтказилган суҳбатлар давомида яратилаётган ушбу имкониятлардан фойдаланишларини билдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM