Қайноналарга келинларининг совғалари манзур бўлдими?

Хотин-қизларни жамиятда, оилада муносиб ўринларини топиш, оилавий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, аҳолини хусусан, хотин-қизларни бандлигини таъминлаш, оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида “Ермачит” маҳалласида касб-ҳунар мактаби билан ҳамкорликда ўқув курслари ташкил этилган эди.

Айни дамда ушбу курсларда 25 нафар "Аёллар дафтари"даги хотин-қизлар тикувчилик сирларини ўрганмоқдалар.

Куни кеча оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган тадбирда курсда ўқиётган келинлар ўзлари тиккан либосларини қайноналарига тақдим этдилар.

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова муқаддас даргоҳ бўлган оилаларни асраш ва унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбиясида аёлларнинг ўрни алоҳида эканлиги ҳақида сўз юритар экан, бу каби тадбирлар оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг сўз олган шаҳар халқ қабулхонаси мудири Ҳамротош Шодиева  ҳам тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Дастурхон атрофида давом этган тадбирга ажойиб куй  ва қўшиқлар, хотин-қизларнинг рақслари кўтаринкилик бағишлади.

Шунингдек, тадбирда хотин-қизларга тикувчилик сирларини ўргатаётган касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси Раъно Бекмуродовага ташаккурнома топширилди.

-Келинимнинг мен учун тиккан либосини олишдан кўнглим шод бўлди. Қарангки бундан келинимга меҳрим янада ошди. Албатта, бу ерда тикувчиликни ўрганган хотин-қизлар келгусида ўзларини иш билан таъминлайдилар. Оиласига даромад келтиради. Мана шунақанги ўқув курслар, тадбирлар янада кўпайсин, -дейди тадбир иштирокчиларидан Эргашой она.

Тадбир сўнггида онахонлар юртимизнинг тинч ва осуда бўлиши, шаҳримизни янада гуллаб-яшнашини тилаб дуога қўл очдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM