ЗАРУРИЙ ТОПШИРИҚЛАР БЕРИЛДИ

Бугун шаҳар ҳокимлигида сектор раҳбарлари, депутатлар, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бугунги аномал совуқ ҳавода аҳолининг электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти ва бошқа масалалар бўйича муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш борасидаги Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди ва мутасаддиларга бу борадаги зарурий топшириқларни берди.

Йиғилишда шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими рахбари А.Утаганов томонидан ис газидан ва тутундан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган тарғибот-профилактик ишлар ҳамда ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш бўйича тушунтириш берилди.

Шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган куз-қиш штаби томонидан аҳоли мурожаатларига асосан турли муаммоларни тезкорлик билан бартараф қилиш чоралари кўрилаётганлиги, секторлар кесимида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, маҳаллий кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, йиғилишда бир неча кун давом этиши кутилаётган совуқ ҳавода аҳолига энерго ресурслардан, иситиш тизимларидан оқилона фойдаланиш, хонадонларда, айниқса ҳовлиларда хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда алтернатив иситиш воситаларини қўллаш имкониятлари ҳақида тарғибот ишларини ташкил қилиш бўйича маҳалла фаоллари, жамоатчиликка кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга шаҳар аҳолисига ушбу аномал совуқ ҳаво таъсирида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газ таъминоти бўйича турли муаммолар юзага келиши мумкинлигини тўғри тушунтириш ҳамда ушбу синовли кунларда сабрли бўлиш кераклиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида хоналар ҳароратини талаб даражасида муайян бўлишини таъминлаш ва хавфсизлик чораларини кўриш бўйича тушунтирилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM