“БИЗ ЁШЛАР ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ”

Ёшлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни салбий таъсирлардан сақлаш, энг хавфли жиноятлардан бири ҳисобланган, инсоният томонидан «Аср вабоси » деб тан олинган гиёҳвандлик иллатига қарши кураш, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни бу иллат домига тушиб қолишларини олдини олиш олдимизда турган долзарб масалалардан ҳисобланади.

Шу сабабдан ҳам Республикамизда 1999 йил 19 августда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Бундан ташқари, наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси тузилди ва унинг 2011 йил 8 июндаги қарори билан наркотик моддаларнинг суистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Афсуски, ҳозирги кунда ёшлар орасида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган (“Трамадол”, “Налбуфин”, ва ҳ.к.) психафаол (“Лирика”, “Регапен”, “Галара” ва ҳ.к.) дори воситаларини истеъмол қилиш ҳолатларининг учраб туриши ҳамда, ёшларимизнинг рухан ва жисмонан соғлом бўлиб етишишлари, замонавий билим ва касбга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилган бўлишига қарамай наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир қилишлари ва гиёҳвандлик йўлига кириб кетаётганлиги ачинарли ҳолдир.

Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган «Қорадори-2018» тадбири давомида 13 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлари аниқланиб, улардан 23 тўп “Каннабис” ва “Марихуана” гиёҳвандлик ўсимликлари ва 2,51 килограммдан зиёд “Марихуана” гиёҳвандлик моддалари олиб қўйилган.

Ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг тарқалишига йўл қўймаслик, гиёҳвандлик оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг 1 февралидан 1 мартига қадар «Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларини тарқалишига қарши кураш ойлиги» муносабати билан шаҳримиз миқёсида ҳам тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

8 февраль куни ана шундай тадбирлардан бири шаҳар Драма театрида бўлиб ўтди. “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида ўтган ушбу тадбирга шаҳар ИИБ вакиллари, шаҳар ҳокимлиги, Тиббиёт бирлашмаси вакиллар ва ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Унда ушбу иллатнинг инсоният ҳаёти ва соғлиғи учун қанчалик хавфли унсур эканлиги ва ёшлар томонидан содир этиладиган кўпгина ҳуқуқбузарликларга ана шу заҳри қотил сабаб бўлаётгани боис унга барча бирдек масъул бўлган ҳолда курашиш лозимлиги таъкидланди. Тадбир сўнггида “Ажалга элтувчи йўллар” номли махсус фильм намойиш этилди.

Албатта мана шундай тадбирлар, гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари ҳақидаги тушунтириш-тарғибот ишларининг кўплаб ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM