ИСЛОҲОТЛАР АҲОЛИ ТУРМУШ ШАРОИТИНИ ЯХШИЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Кейинги икки ярим йил ичида Каттақўрғон шаҳрида бошқа соҳалар сингари тиббиёт соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. Шаҳардаги мавжуд Тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли марказий поликлиникада шаҳар аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Жумладан, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун “Лапароскопик” тиббий аппаратлар жамланмаси, скрининг аппарати, айниқса, шаҳримизда туманлараро хизмат кўрсатадиган  сунъий буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар учун гемодиализ марказининг барпо этилгани фикримизнинг исботидир. 17 ўринли хўжалик ҳисобидаги реабилитация бўлими фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида бўлимда касалликларни эрта аниқлаш диагностикаси бўйича 5 хилдаги инструментал ва 35 турдаги лаборатор текширувлар амалга ошириш имкони яратилди.

Замонавий тиббий аппаратуралар ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган 35 ўринли Терапия бўлими, 15 ўринли ЛОР касалликлар бўлими ва 15 ўринли кўз касалликлар бўлими ҳамда касалликларни эрта аниқлаш, ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш мақсадида лаборатория бўлими, физиотерапия бўлимлари капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Лекин бугун шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 90 мингдан ортиқ шаҳар аҳолиси ҳамда қўшни туманларга тиббий хизмат кўрсатиши тирбандлик, тиббий текширувдан ўтиш учун навбат кутиш бўйича айрим ноқулайликларга ҳам сабаб бўлаётганлиги боис шаҳарда яна битта янги оилавий поликлиника қурилди. 4 млрд. 400 млн. сўмлик маблағ эвазига барпо этилган ушбу муассаса фаолиятининг йўлга қўйилиши шаҳарнинг ярим аҳолиси яъни, 40 мингдан ортиқ фуқаролар учун катта қулайлик бўлади.

Аҳолининг навбат кутиш борасидаги муаммолари бартараф этилиши билан бирга яна янги иш ўринлари ҳам яратилади.

Афсуски, бугун орамизда ислоҳотларга ҳайрихох, яратилаётган қулайликлар учун миннатдор бўлиш ўрнига фақат ўзини ўйлайдиган инсонларнинг борлиги ачинарли. Бу каби инсонлар жамият учун бирор фойдали иш қилмасаларда ўзларининг нотўғри қарашлари билан бошқа фуқароларда ҳам норозилик кайфиятини вужудга келтиришга ҳаракат қиладилар.

Худди шунингдек, яқинда “Зомин” маҳалласида яшовчи фуқароларда янги оилавий поликлиника билан боғлиқ нохолис маълумот сабабли юзага келган тушунмовчиликка барҳам берилди. Ушбу ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлиги ҳамда тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган муҳокама давомида бугун шаҳримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан соғлиқни сақлаш соҳасида яратилаётган имкониялардан бири сифатида барпо этилган оилавий поликлиниканинг шаҳар аҳолиси учун қулайлиги, шунингдек, шаҳар аҳолисининг манзилини яқин қилиш мақсадида автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши, бекатларнинг қурилиши, йўлларнинг текис ва равон бўлиши борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида аниқ фактлар асосида тушунчалар берилди.

Албатта, бундан фуқаролар тўғри хулоса чиқардилар. Нохолис ахборотга ишонганликлари учун узрларини сўраган ҳолда ҳақиқатдан ҳам оилавий поликлиниканинг қурилгани фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш борасида катта қулайлик бўлганлигини  таъкидладилар.

Бугун шаҳар тиббиёт бирлашмасига қанча фуқаролар узоқ масофадан яъни, қўшни Каттақўрғон, Иштихон, Нарпай туманларидан даволаниш учун, тиббий кўрик учун келадилар. Лекин ўз шаҳрида жойлашган барча қулайликларга эга бўлган янги, замонавий кўринишдаги тиббиёт муассасасининг барпо этилгани каттақўрғонликларга ҳам масофани яқин қилиш ҳам навбат кутишнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда фуқаролардан ёлғон ва нохолис ахборот тарқатмасликни, бунинг учун ёлғон хабарлар тарқалишини олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–658-сон Қонуни билан ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Зеро, бу борадаги ҳатти -ҳаракатлар учун жиноий ҳамда маъмурий жавобгарлик муқаррар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM