КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ Ф.ҒАНИЕВНИНГ МУРОЖААТИ

Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ф.Ғаниевнинг “Солиқчи — кўмакчи” тамойили асосида Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекциясида амалга ошираётган ишлари юзасидан мурожаати

Ассалому алайкум,

Ҳурматли солиқ тўловчилар!

Бугунги кунда Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси “Солиқчи – кўмакчи тамойили асосида фаолият юритиши устувор вазифа этиб белгиланган. Хўш, шу ўринда “Солиқчи — кўмакчи” тамойилининг мазмун-моҳияти нималардан иборат, деган ўринли савол туғилиши табиий. Энг аввало, иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканлигини танлаб беришимиз зарур. Ундан кейинги босқичда асосий эътибор тадбиркорлик субъектининг оёққа туриб олишига, фаолият кўрсатмаётганларини қайта тиклашга, бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни шакллантириш ва топшириш, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича кўмаклашишга қаратилади.

Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекциясига III чорак учун бюджет даромадларига 14,8 миллиард сўмлик режа белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 17,2 миллиард сўмлик тушум таъминланди ва прогноз кўрсаткичи 116,2 фоизга (2,4 млрд.сўм ортиғи билан) бажарилди.

Белгиланган режанинг ортиғи билан бажарилишида ҳар бир тадбиркорларнинг муаммоларини тушунган ҳолда, уларга яқин кўмакчи сифатида иш ташкил қилингани асосий сабаб десам янглишмайман.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари фаолияти тадбиркорларни жазолашга эмас, аксинча уларга энг яқин кўмакчи бўлиш, ишбилармон доира вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Демак, фаолиятимизга баҳо солиқ қонунчилиги бузилиши қай даражада камайгани, тадбиркорларни ортиқча сарф-харажатлардан сақлаб қолиш, улар дуч келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга қараб берилади.

Фаолиятини бошлаётган тадбиркор қатор муаммоларга дуч келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Айни жараёнда уларга давлат солиқ хизмати органлари ходимлари кўмакчи бўлиши зарур.  

Дарҳақиқат солиқ ходими энг аввало, янги иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканини танлаб беришимиз зарур.

“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили доирасида Каттақўрғон шаҳридаги 968 та тадбиркорлик субъектлари ўрганилди. Шундан 830 тасига кўмаклашиш зарурлиги аниқланди.

Жумладан, дастлабки бухгалтерияни юритишда 224 та, солиқ қарзи тўғрисида маълумот беришда 22 та, солиқ режимини танлашда 36 та, солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартиблари бўйича тушунча беришда 86 та, 18061,3 млн. сўмлик ҚҚС солиғидаги мавжуд ортиқча тўловни қайтаришда 35 та, 292,2 млн. сўмлик бошқа солиқ турларидаги ортиқча тўлов суммасини қайтаришда 56 та, 1097,9 млн. сўмлик солиқ қарздорлиги муддатини узайтиришда 1 та тадбиркорлик субъектига кўмаклашилди. Шунингдек, 200,0 млн сўмлик имтиёзли кредит олишда 1 та, тадбиркорга амалий ёрдам берилди.

Масалан, "TUYG`UNOV KOMIL INVEST" XKга 5000,0 минг сўмлик бошқа солиқ турларидаги ортиқча тўлов сўммаси қайтариб берилди.

- "ALFA STAR UNION" MCHJга солиқ режимини танлаш бўйича кўмаклашилди.

Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сонли қарори бу борада муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди.

Таъкидлаш жоизки, жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиши мураккаб жараён эмас. Жумладан, бу Soliq мобиль иловаси ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Рўйхатдан ўтгандан сўнг матрицали штрих код (QR-код)ли гувоҳнома берилади.

Самарқанд вилояти бўйича 2022 йилнинг III чорак чорагида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 592 нафарни ташкил этмоқда. Шундан, 136 нафари ижтимоий йўналиш, 131 нафари маиший хизматлар йўналиши, 109 нафари саноат, 103 нафари қишлоқ хўжалиги, 46 нафари ахборот-комуникaция йўналишлари бўйича хизматлар, 67 нафари халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш йўналиши бўйича ўзини ўзи банд қилди.

Бугунги кунда солиқ тўловчиларнинг мурожаат ва саволларига тезкорлик билан жавоб қайтариш мақсадида телеграм мессенджерида “Soliqchi-ko'makchi Kattaqo'rg'on shahar” гуруҳлари ташкил қилинган бўлиб, савол ва мурожаатларга тезкорлик билан жавоб бериб келинмоқда.

Телеграмдаги Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг www.t.me/kattakurgan_sh_4_sektor расмий канали орқали солиқ қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор бўлишингиз мумкин. Шунингдек, +99866-455-21-50 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Солиқ тизимида рўй бераётган ўзгаришларни сизларга содда ва халқчил тилда тушунтиришда, айниқса, туманларда ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз лозим. Вилоят давлат солиқ бошқармаси, шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларида фаолият юритувчи барча даражадаги раҳбарлар сизларга кўмак беришга ҳар доим тайёр. Ўзларингизни қийнаётган муаммолар ва саволлар билан бевосита қабулимизга келиб ёки юқорида ижтимоий тармоқларда кўрсатилган манзиллар орқали бемалол мурожаат қилишингиз мумкин.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM