АЁЛ МАТОНАТИ

Орамиздаги одамлар

-Қизим тезроқ уйга боришимиз керак. Даданг бизларсиз қийналиб қоладилар. Ўзлари юролмайдиларку. Бирор нарса керак бўлса ололмайдилар. Агар хушхабарни айтсак қанчалар хурсанд бўладилар.

4-5 ёшлар атрофидаги қизига тезроқ уйга бориш ҳақида меҳр билан айтаётган ёшгина аёлнинг гаплари беихтиёр диққатимни тортди. 35 ёшлар чамасидаги аёлнинг юзларига ҳаёт аллақачон ўзининг турмуш чизиқларини тортиб улгурганди. Юзида қандайдир маюслик бўлсада, аёлнинг кўзлари қизига меҳр билан боқиб уни тезроқ уйга, дадасининг ёнига боришга ундарди.

Шунда касбий қизиқиш боисми аёлни саволга тутдим. Қаердан келаётгани, нима учун уйга бунчалар шошаётгани ҳақида берган саволларимни эшитган аёлнинг кўзлари бир нуқтага тикилди. Шу вақт оралиғида у ўзининг анча йиллар олдинги ҳаётини кўз олдидан ўтказгандек бўлди гуё. Суҳбатдошим ўзининг исмини сир тутишимни илтимос қилди.

-Мактабни тугатиб, тиббиёт соҳасида ўқидим. Ота-онамнинг розилиги билан улар истаган инсонга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим устачилик қиларди. Рўзғоримиз бир кун ундай бир кун бундай бўлиб, моддий қийинчиликлар билан ўтган бўлсада оиладаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат бизни қаттиқ боғлаб турарди. Гоҳида нон олишга пулимиз бўлмай қолган кунлари ҳам бўлган. Лекин ота уйимда ҳам қаноат, сабр билан яшашга одатланганимиз учунми борига кўниб кетаверардим.

-Орада қиз фарзанд кўрдик. Қувончимиз чексиз эди. Ўғил кутиб кетма-кет учта қиз фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғимга ўғил ҳадя этаман деб тўртинчи боламниям дунёга келтирдим. Оллоҳнинг инояти билан у ҳам қиз эди. Лекин, турмуш ўртоғим ҳечам бундан хафа эмасди. У доим менинг кўнглимга қарарди. Айримлар битта тирноққа зор, бизнинг тўртта қизимиз бор, биз учун жаннатнинг эшиклари нақд онаси,- дерди ҳазиллашиб.

-Тўғри бой-бадавлат бўлмасакда камтаргина ҳаётимизда биз жудам бахтли яшардик. Аммо, тақдирнинг биз учун синовлари олдинда экан. Кутилмаганда турмуш ўртоғимнинг соғлигида ўзгариш бошланди. Ҳолсизлик, иштаҳасининг йўқолиб бориши уни тобора қийин аҳволга сола бошлади.

Шу ерда аёлнинг кўзларига ёш келди. Онасини маҳкам қучоқлаб олган қизалоқ кичкинагина қўллари билан унинг юзларини силаб кўз ёшларини артишга ҳаракат қиларди. Аёл фарзандининг меҳрибонлигига жавобан уни бағрига босиб секин кўзёшларини артди ва яна сўзида давом этди.

-Шифокорнинг ташхиси бизни буткул эсанкиратиб қўйди. Турмуш ўртоғим анкологик касаллика чалинган экан. Энди фақат топган- тутганимизни у кишининг дориларига сарфлай бошладик. Лекин афсуски, касаллик тобора зўрайиб турмуш ўртоғим ўзи юролмайдиган ҳолатга тушиб қолди. Тўшакка михланган қадрли инсонимнинг аҳволидан юрагим қанчалар азоб чекиб қийналсада, лекин у кишига билдирмасликка ҳаракат қиламан.

Бу орада дори-дармон олиш учун уйимизниям сотиб юбордик. Кейин ижарада яшай бошладик. Энди топган пулларимизни ҳам турмуш ўртоғимнинг дорисига, кунлик рўзғор билан бирга ижара учун ҳам ишлатадиган бўлдик. Биласизми охирга кунларда жудаям қийналиб қолдик. Ижарага пул тополмай уй эгаси уйдан чиқариб юбормоқчи ҳам бўлди. Лекин, бизнинг аҳволимизни кўриб кўнгли бўшадими ҳарқалай бошқа уй топгунимизча яшаб туришимизга рози бўлди.

Менинг мана шу қийналганларимни кўриб турмуш ўртоғимни ташлаб кетишимни маслаҳат берганлар ҳам кўп бўлди. Ҳали ёшлигим, яна бахтли бўлишим ҳақида гап ўқтирганлар ҳам бўлди. Лекин мен 16 йиллик турмушимдан, мени қийналган вақтларимда далда бўлган, қўллаб-қувватлаган, фарзандларимнинг отасини турмуш ўртоғимни ташлаб кетишни тасаввур ҳам қилолмасдим.  

Оллоҳга шукр, сабр ва тоқатнинг албатта мукофоти бўларкан. Яқинда шаҳримиздаги яхши инсонларнинг ёрдами билан яшаш жойи топишга муваффақ бўлдим. Уйни кўриб шунчалар хурсанд бўлдик. Тўғриси, аввалги уйимизда бунақанги шароит йўқ эди. Ҳам иш жойимга яқин, ҳам фарзадимни боғчасига. Бугун шу ерга кўчиб келишимиз керак. Шу хабарни турмуш ўртоғимга айтиш учун уйга шошаётгандим.

Аёлнинг кўзлари қувончдан порларди.

Қаранг, бугун мана шундай сабрли ва бардошли, оиласининг фарзандларининг бахтини, юра олмайдиган бемор турмуш ўртоғининг қувончини ҳеч нарсага алишмайдиган ҳазрати инсонлар, аёллар орамизда яшаяпти. Уларнинг ҳаёти ибрат. Албатта, сабр ва тоқатнинг, шукроналикнинг мукофоти бор.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM