КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ АЛИМОВА ГАВҲАР ЗАЙИРОВНАНИНГ 1 ОКТЯБРЬ-ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

“Муҳтарам устоз ва мураббийлар!

Аввало, сизларни, таълим соҳасининг фидойи ва жонкуяр ходимларини касб байрамингиз  – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай қутлуғ айёмда Сиз азизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз ва эзгу тилакларимизни изҳор этсак арзийди. Зеро, мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб вояга етказиш ҳамда ёшларни юксак билим соҳиби сифатида жамиятда муносиб ўрнини топишида сизнинг захматли меҳнатларингиз мужассамдир.

Шу боисдан ҳам бугун Сиз меҳридарё ва фидойи устозлар шаънига билдираётган тилакларимиз ва ташаккурларимизни чексиз ҳурмат ва эҳтиромимиз рамзи сифатида қабул қиласиз.

Бугун Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларнинг Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этилаётгани соҳа ходимларини ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш борасидаги ишларни янги поғонага олиб чиқмоқда.

Азизлар!

Бугун мамлакатимизда ёш авлоднинг муносиб таълим олиши учун мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимгача бўлган даврни ўз ичига олган мукаммал бир тизимнинг йўлга қўйилганлиги соҳадаги муваффаққиятларга замин яратмоқда.

Инсон камолотида мактабгача таълимнинг ўрни беқиёс. Шу боисдан ҳам бугун мактабгача таълим ташкилотларида болажонларга таълим-тарбия беришнинг сифат ва самарадорлигини юқори босқичларга кўтариш, педагог-ходимларнинг масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мактабгача таълим тизимини ривожланитириш, фарзандларимизга яхши тарбия бериш доимий эътиборимизда бўлади.

Бу сўзлар замирида жуда чуқур маъно ётганини ҳаммамиз биламиз. Зеро, мактабгача таълим ташкилотида олинган билим инсоннинг келгуси ҳаёт йўлини белгилайди. Ҳар бир тарбиячи ушбу масъулиятни ўз зиммасига олар экан, келгуси авлод олдидаги жавобгарлиги ва мажбуриятини тўлиқ ҳис қилиши лозим.

Бугун шаҳримизда фаолият юритиб келаётган 50 та мактабгача таълим ташкилотларининг 25 таси давлат, 4 таси давлат-хусусий шериклик, 3 таси нодавлат ҳамда 18 таси оилавий мактабгача таълим ташкилотларидан иборат.

Мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 7677 нафарни ташкил этади. 6228 нафар болалар мактабгача таълимга қамраб олинган бўлиб, бу жами болаларнинг 81.1 фоизини ташкил этади. Хозирги кунда жами 450 нафар педагог ходимлар тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериб келишмоқда.

Ўйлайманки, мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагогларимиз ўзларининг бор имкониятларини ишга солиб, ҳар бир ўсиб келаётган ёшнинг қобилиятини ўрганиб, уларга замон талаблари асосида пухта ва сифатли билим беришга, ёшлар маънавиятини юксалтириб ўз она Ватанига меҳр ва муҳаббат, ғурур ва ифтиҳор ҳисларини сингдириш ишларини сидқидилдан адо этадилар.

Ҳурматли устозлар!

Агарда дунёда иморатлар ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир!

Албатта, мактаб деганимизда ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда биринчи навбатда биз учун қадрдон бўлган маскан, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси гавдаланади. Бугун юртимизда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар замирида ҳам Сиз азиз ўқитувчи-педагогларнинг машаққатли аммо шарафли меҳнатларингиз мужассамдир. 

Ўқитувчи доим илм олишда давом этади, унга китоб ва ўзи ўрганган илмларнинг зиёси юқиб туради, у ўз устида мутасил ишлагани боис маънан бойиб боради, одамлар орасида ҳам юриш туриши, ҳаттоки кийиниш маданияти билан ҳам ажралиб туради.

Устоз ва мураббийлар не-не улуғ зотлар - ал-Фарғоний, Ибн Сино, ал-Хоразмий, ал-Беруний ва кўплаб олимлар, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темурдек лашкарбошилар, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, аз-Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, жадидлар ва бошқа кўплаб буюк аждодларимизни эл-юрт хизматига тайёрлашда мураббий ва устозларнинг ўрни ва роли катта бўлган. Не-не подшоҳларни тиз чўктирган шоҳларнинг шоҳи Амир Темур ўзининг пири-устози Сайид Бараканинг оёқ томонига қўйилган. Биз бу буюк зотларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш асносида уларнинг бир умр илми толиб бўлгани, устозларининг ўгитларига амал қилгани ва келажакда улардан самарали фойдаланганлигига гувоҳ бўламиз. Алишер Навоий устозининг набираси билан отдан тушиб саломлашар ва у улуғ зот томонга ҳатто оёқ узатиб ўтирмас экан.

Ёзишни ва ўқишни ўргатган, Она, Ватан деган сўзларни ёш авлод қалбига чуқур сингдирган ана шу муътабар инсонларнинг меҳнатлари ҳақини Алишер Навоий бобомиз таъкидлаганидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам адо этиб бўлмайди.

Шаҳримиздаги умумтаълим мактабларида фаолият юритиб келаётган, ўқувчиларини ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этаётган ўқитувчи ва мураббийларни том маънода фидойи касб эгалари десак муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда шаҳримизда 19 та таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шундан,

18 таси умумий ўрта таълим мактаблари ва 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият юритмоқда. Умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 16620 нафар ўқувчиларга 947 нафар педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқдалар.

        Ўтган ўқув йилидаги 972 нафар битирувчиларнинг 948 нафари оддий аттестат, 4 нафари кумуш ҳамда 18 нафари олтин медаллар билан мактабларни тамомладилар. 11-синф битирувчиларининг 14 нафари муддатидан олдин нуфузли хорижий

ва республика олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муяссар бўлдилар. Шунингдек, ўқитувчиларнинг малака тест синовларида олган ўртача баллари бўйича Каттақўрғон шаҳри Республикада  25- ўрин, Самарқанд вилоятида эса 1-ўринни қўлга киритди.

        Яна шуни айтиш жоизки ўтган йил давомида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида таълим муассасаларининг ҳам қиёфаси тубдан ўзгарди. 

        Жумладан, 3 та умумтаълим мактабларида, яъни 2-ИДУМни реконструкция қилиш учун  24 млрд. 400 млн. сўм, 11-ИДУМни мукаммал таъмирлаш учун 10 млрд. 800 млн. сўм ва 18-умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлаш учун 3 млрд. 524 млн. сўм ажратилиб, қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

        Шунингдек, жорий ўқув йилида Президентимизнинг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги 106-сонли Фармони асосида шаҳардаги 7-умумтаълим мактаби негизида аниқ ва табиий фанларга йўналтирилган Президент агентлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ташкил этилди ва фойдаланишга топширилди.

        Мактаб замон талаблари даражасида жиҳозланди. Имтиҳонлардан муваффаққиятли ўтган ўқувчи-ёшлар бугун мактабда таҳсил олмоқдалар.

        Шаҳримизда ўқувчи-ёшларни замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари билан бирга муайян бир касб-ҳунарни эгаллашлари борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

         Айни дамда Каттақўрғон шаҳрида фаолият юритаётган тиббиёт, педагогика, иқтисод ва бошқа йўналишлардаги 2 та техникум, 1 та коллеж, 1 та касб-ҳунар мактаби, 5 ёрдамчи махсус интернат мактаби, 2 сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда спорт мактабларида ўқитувчи-мураббийлар ёшларга касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқдалар. 

Шў ўринда бугун шаҳримиздаги ўқувчи-ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни шакаллантиришда ўқув марказларининг ҳам аҳамияти катта бўлмоқда. “Малика Эдукейшн”, “Янги авлод академияси”, “Гўзал” Эдукейшен  ўқув марказларидаги ўқув машуғулотлари давомида билимларини янада мустаҳкамлаган ўқувчи-ёшлар ўзлари истаган олийгоҳларда таҳсил олмоқдалар. Бунда албатта, ушбу марказларда фаолият юритаётган устозларнинг хизматлари беқиёс. Яқинда Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали талабалари томонидан яна бир янги “Гарвард” ўқув маркази ташкил қилинди.

Бугунги қутлуғ байрам муносабати билан ўқитувчи-педагогларимизнинг ютуқларини, устозлар хизмати билан ўқувчиларнинг эришган ютуқларини айтиб ўтиш жоиз.

Шулар қаторида узоқ йиллик самарали меҳнатлари Давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирланган “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” унвони соҳиби, 11-ИДУМ физика фани ўқитувчиси Сайёра Имомованинг, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган 4-умумтаълим мактаб рус тили фан ўқитувчиси Нилуфар Турдиеванинг ютуқларини эътироф этмоқчиман.

Бундан ташқари, 2021-йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган фидойи ўқитувчиларимиздан 11-ИДУМ ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Гулмира Бобоева, 9-умумтаълим бошланғич синф ўқитувчиси Шахноза Назарова, 16-ИДУМ директори Матлуба Бозорова, 12-мактаб биология фани ўқитувчиси Дилбар Отамуродова ва шу мактабнинг математика фан ўқитувчиси Ўғилой Абдиеваларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқдир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 9-сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 562-сон қарорига мувофиқ шаҳар умумтаълим мактаблари ўртасида “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” Республика танловининг шаҳар босқичи ғолибларига, яъни шаҳар маҳаллий бюджет хисобидан 1-ўринни эгаллаган 11-ИДУМ жамоаси 100 миллион, 2-ўринни эгаллаган 2-ИДУМ жамоаси 75 миллион, 3-ўрин ўринни эгаллаган 17-ИДУМ жамоаси 50 миллион сўм маблағлар билан тақдирландилар.

Шаҳримиздаги 11-ИДУМ 6-“Д” синф ўқувчиси Моҳинур Абдужабборова шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган иншоолар танловининг республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади, “5 ташаббус – санъат билан” шиори остида республика “Ёшлар театр студиялари” фестиваль-танловида шаҳримизнинг ўқувчи-ёшлари муваффақиятли иштирок этиб, 11- ИДУМ 1-ўрин ва 13- мактаб 3-ўрин совриндорлари бўлишди.

Бугун ушбу қутлуғ айём арафасида биз юқоридаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча фидойи ва жонкуяр устозларга ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.  

Азиз педагоглар, тадбир иштирокчилари!

Барчангизга маълумки шаҳримизда кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлардан бири сифатида шаҳарда олий таълим муассасасининг очилиши каттақўрғонлик зиё аҳлини беҳад қувонтирган бўлса, ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражасини оширишда яна бир имкон бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 18-майдаги “Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 307-сонли қарорига асосан ташкил қилинган Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалида бугунги кунда 2 та факультет, 4 та кафедра мавжуд бўлиб унда 50 га яқин профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда.

Филиалда бугунги кунда 13 та кундузги ва 1 та сиртқи таълим шаклида жами 1110 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ҳали фаолият бошлаганига узоқ вақт бўлмаган филиалнинг бугун бир талай ютуқларни қўлга киритаётганлиги қувонарли. Жумладан, ўтган йил давомида олийгоҳ талабалари маънавий-маърифий соҳада ўтказилган 30 дан ортиқ танлов ва мусобақаларда муваффаққиятли иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритдилар.

Филиал талабаларининг "Энг яхши талабалар театр студиялари" республика танловининг вилоят ҳамда Хоразм вилоятида бўлиб ўтган ҳудудий босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаганлиги ҳамда танловнинг Республика босқичида ҳам  “Йилнинг энг фаол талабалар театр студиялар раҳбари” номинацияси бўйича тақдирланганликларини эътироф этиш ўринли.

Шунингдек, филиал ёшлари спортнинг каратэ, миллий кураш турлари бўйича ҳам халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритдилар.

Биз олийгоҳ ўқитувчилари ва талабаларининг келгусида ҳам ютуқлари янада бардавом бўлишини тилаймиз.

Азиз устозлар!

Юқорида ўтган ўқув йили давомида таълим соҳасида эришган муваффаққиятларимиз ва қўлга киритган ютуқларимизга қисқача тўхталдик. Ютуқларимиз ҳақида янада кўплаб гапиришимиз мумкин. Лекин, шу билан бирга ҳали олдимизда қилишимиз лозим бўлган ишлар, режаларимиз талайгина. 2022-2023 ўқув йилида ҳам Сиз билан биргаликда таълим сифатини ошириш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширишимиз лозим.

Жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларимиздаги таълим сифати ва мазмунини кўтариш, ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш, ёш ўқитувчиларни тажрибали устозларга бириктириш;

Ўқитувчи, ходимлар ва жамоатчилик билан биргаликда мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш чораларини кўриш;

Каттақўрғонлик ёшларнинг компьютер саводхонлигини ҳамда китобхонлик маданиятини ошириш;

Спорт борасидаги имкониялардан унумли фойдаланиш ва ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиш;

Албатта, Бу каби вазифаларни амалга оширишда сиз фидойи ва жонкуяр устозларнинг юксак билим ва салоҳиятингизга ҳамда қўллаб-қувватлашингизга таянамиз.

Ушбу мақсад йўлида ёшларимизнинг ўз олдига қўйган улкан марраларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина ёшларимиз ҳар томонлама етук ва комил инсонлар бўлиб, бизнинг орзу-умидларимизни рўёбга чиқарадиган қудратли кучга айланади.

Муҳтарам ўқитувчи-мураббийлар, азиз устозлар! 

Президентимиз таъкидлаганидек, бугун биз сизга энг катта бойлигимиз- миллионлаб фарзандларимиз, ўғил-қизларимизнинг тақдирини, юртимиз истиқболини ишониб топширганмиз. Ва бу вазифани сидқидилдан адо этиб келаётган сиз каби фидойи ва жонкуяр инсонлар, келажак бунёдкорларига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Сизларни яна бир бор 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан муборакбод этаман.

Барчангизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва хонадонингизга файзу-барака, баркамол авлодни вояга етказишдаги эзгу ишларингизга улкан зафарлар тилайман!

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM