1 ИЮНЬ-ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Бугун мамлакатимиз бўйлаб 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Каттақўрғон шаҳар истироҳат боғида ҳам “Болаларга беринг дунёни” деб номланган тадбир ўтказилди.

Унда шаҳар ҳокими  Гавҳар Алимова, сектор раҳбарлари, ташкилотлар ва идоралар вакиллари, ёшлар иштирок этдилар.

Дастлаб, тадбир қатнашчилари истироҳат боғида шаҳримиздаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари томонидан ташкиллаштирилган кўргазмалар билан танишдилар. Шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан болажонларнинг қўл меҳнатлари билан яратган кўргазмаларининг ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

-Бугун тадбирга ўқувчиларимизнинг ўзлари қўл меҳнати асосида яратган турли буюмлари билан қатнашдилар. Ярмарка давомида тушган маблағларни биз ўқувчиларимиз иштирокида эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болаларга совғалар ташкил қилишга сарфламоқчимиз. Албатта, ўқувчиларимиз бундан жудаям хурсанд бўлдилар. Мана шундай ярмаркалар ёшларимизни ҳунар ўрганиш учун турли тўгаракларга фаол иштирок этишга ундаши билан бирга ўзаро меҳрли, тенгдошларига дўстона муносабатда бўлиш каби ҳислатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, -дейди 11-ИДУМ  директори Озода Салимова.

Шаҳар ҳокими ташаббуси билан ташкил қилинган мактаблар, техникум ва олий таълим, мактабгача таълим ташкилотлари ўқувчилари қўл меҳнати намуналаридан иборат ярмаркада тушган маблағлар хайрли ишларга сарфланади.

Шаҳар ҳокими болажонларни байрам билан қутлар экан, бугун мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, уларни ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етишлари йўлида яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритди.

Шу ерда савол-жавоблар ўтказилиб, ғолиблар шаҳар ҳокимининг совғаларини қўлга киритдилар. Шунингдек, турли танловларда иштирок этиб ғолиб бўлган ёшларга ҳам шаҳар ҳокими томонидан байрам совғалари тақдим этилди.

Шаҳар маданият бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, шаҳар драма театрининг чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.

Айниқса, шаҳар ҳокими ташаббуси билан ташкил қилинган музқаймоқ сайли болажонларнинг қувончига янада қувонч қўшди. 

Албатта, бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида, яъни болажонларга олам-олам шодлик улашиш ва уларни келажакда маънан бой, жисмонан соғлом бўлиб вояга етказишдан иборат.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM