ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИНИНГ КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДА ЁШЛАР БИЛАН ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАРДАН КЎНГЛИ ТЎЛДИМИ?

Куни кеча вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларини ўрганиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди.

Дастлаб, Х.Очилов шаҳар ҳокими ўринбосари Ж.Носиров ҳамда мутасаддилар ҳамроҳлигида  5-сон махсус интернат мактабида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.  

Мактабда олиб борилган таъмирлаш-қурилиш ишлари боис муассасада ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим-тарбия олишлари учун барча қулайликлар яратилган. Ётоғхона, ошхона, ўқув машғулотлари  хонаси замон талаблари даражасида жиҳозланган. Вилоят ҳокими ўринбосари шароитларни ўрганиш асносида мактаб тарбияланувчиларининг фикрлари билан қизиқди ва улар билан ҳам суҳбатлашди. Тарбияланувчилар С.Қиличбоев, А.Хасановларнинг фикрларини, 10-Б синф тарбияланувчиси А.Холбоев томонидан мутолаа қилинган шеърларни қизиқиш билан тинглади.

-Бугун ҳар бир ёш диққат эътиборда. Айниқса, мамлакатимизда имконияти чекланган, ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим-тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боисдан бугун соҳа мутасаддилари болаларнинг тақдирига эътиборсиз бўлмасдан, ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозим, - дейди Х.Очилов.

Шу куни вилоят ҳокими ўринбосари шаҳримиздаги “Чинобод” маҳалласи ҳудудидаги жорий йилнинг сентябрь ойидан Президент таълим муассасалари агентлиги қошидаги ихтисослаштирилган мактаб сифатида ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган мактабнинг қурилиш ишлари билан ҳам танишди.   Яқинда муассаса вилоят масъуллари томонидан ўрганилганда айрим камчиликлар борлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилган эди.  

Шаҳар халқ таълим бўлими мудири Ж.Ахмедов суҳбатда вилоят ҳокими ўринбосарига бу борадаги камчиликларни қай даражада бартараф этилгани ҳақида  ахборот берди. Х.Очилов мактабдаги синф хоналарнинг жиҳозланиши, ўқувчи-ёшлар учун ўқув машғулотларини ўтказишда етарли шароитларни яратилиши юзасидан ўз фикрларини билдирди.

-Президентимиз таъбири билан айтганда, бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим. Шу сабабдан ҳам қурилаётган муассаса барча талабларга жавоб бериши лозим, дея таъкидлади Х.Очилов.

Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг амалдаги натижаси ўлароқ шаҳардаги 2 ИДУМ учун ҳам Давлат дастури асосида янги бино қурилмоқда. Бинодаги қурилиш ишлари билан танишган вилоят ҳокими ўринбосари мактаб раҳбари З.Исанова билан мактабда ёшларни таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида  суҳбатлашди.

Кейинги йилларда Каттақўрғон шаҳрида таълим тизимидаги энг катта ютуқлардан бири бу шаҳарда олий таълимнинг ташкил этилгани бўлди. Бевосита шаҳар ҳокимининг ташаббуси ва таклифи билан шаҳарда СамДУнинг Каттақўрғон филиали очилди. Айни дамда инситут филиали учун янги ўқув биноси ҳамда ётоғхона қуриш ишлари амалга оширилмоқда.   Вилоят ҳокими ўринбосари ушбу муассасадаги қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳам кўздан кечирди.

Шаҳар халқ таълими бўлимида шаҳардаги умумтаълим мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари билан ўтказилган учрашувда иштирок этган Х.Очилов  таълим тизимидаги ислоҳотлар, умумтаълим мактабларида “Оила-маҳалла-мактаб-олий ўқув юртлари” ҳамкорлиги моделини тадбиқ этиш, 5 та муҳим ташаббус йўналишларида ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш ва жамиятда ўқитувчилар мавқеини оширишга берилаётган эътибор ҳақида сўз юритар экан, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

Вилоят ҳокими ўринбосари Каттақўрғонга ташрифи доирасида ёшлар етакчиларининг фаолиятларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 январда “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92 сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида”ги СҚ-361-IV сонли қарори билан тасдиқланган 44 та субиндекаторларнинг “маҳаллабай” ижроси бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Вилоят ҳокими ўринбосари ёшлар етакчилари билан бўлган суҳбатда бугун улар бу борада ўз ҳудудларида ишларни ташкил қилишлари лозимлигини, етакчилар ортидан юзлаб, минглаб ёшларни эргаштира оладиган ҳақиқий етакчи бўлишлари лозимлигини таъкидлади.  

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM