“МИКРОРАЙОН”ДА ОБОДОНЧИЛИК

Ўтган асрнинг 70-йилларида Каттақўрғон шаҳрида “Микрорайон” турар-жой массивини барпо этишга киришилди. Мақсад-шаҳар аҳолисининг турар-жойга бўлган талабини қондириш эди. Тўғри, бу ҳудудда ўнлаб икки қаватли уйлар қад ростлади, кўплар янги уйларга кўчиб келишди, аммо яшаш учун шароитлар, қулайликлар йўқ эди, бу ҳуддудда. Масалан, бор йўғи 3-4 йил олдин ҳам “Микрорайон”даги йўллар ўнқир-чўнқир, ариқлар сувсиз, ҳудуддаги санитария ҳолатига эътиборсизлик дилни хира қиларди, электр, газ таъминотидаги “узилиш”лар фуқароларнинг асабини қақшатарди.

Шу муаммолар боис мазкур ҳудудда яшаган кўпгина фуқаролар “дом”ларини сотувга қўйиб, қулайроқ манзил ахтаришга тушишарди.

Бугун эса, “Микрорайон”, яъни, Каттақўрғон шаҳар “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди “яшаса бўладиган” шаҳарча тусини олаётир.

Маҳаллада 44 та икки қаватли уйлар мавжуд. Салкам мингга яқин хонадонда 2685 киши истиқомат қилмоқда.

- Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Обод маҳалла” дастуригага бизнинг маҳалла ҳам киритилганлиги нур устига аъло нур бўлди, - дейди, “Дўстлик” МФЙ раиси Қобил Каримов. - Бугунгача дастур асосида бир қатор ободончилик, кўркамлаштириш ишлари амалга оширилди. Масалан, маҳалладаги мавжуд 44 та икки қаватли уйлар барчасининг томи қизил профнастил усулида ёпилди, олди фасад қилинди, 3300 метр янги сув қувурлари ётқизилди, 3600 метрдан ортиқ электр симлари янгиланди. Ҳудудимиздаги бир ярим километр марказий кўчалар асфалтланди. Шунингдек, “дом”лар қаршисидаги учта болалар майдончаси янгиланди, нуронийларимиз учун чойхона, МФЙ ёнгинасида стадион барпо қилинди. Кўчаларимизга 26 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, маҳалла жамоатчилик маркази кўркамлаштирилди.

...Ҳа, “Обод маҳалла” дастури бўйича тобора жамол очаётган “Дўстлик” маҳалласидаги ижобий ўзгаришлар эътиборга лойиқ.

Маҳалла ҳудудида иқтисодиёт коллежи, 16-мактабгача таълим муассасаси, 16-умумтаълим мактаби, “Халқ Банки” биноси, бир қатор савдо, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари бу ҳудудга кўрк, файз бахш этиб турибди. Яқинда очилган китоб дўкони маҳалла китобсеварларига зиё улашаётган бўлса, замонавий “Мини-Маркет”да кундалик рўзғор эҳтиёжи учун барча маҳсулотлар бор.

Ўндан ортиқ маҳалла вакиллари аҳилликда истиқомат қилаётган “Дўстлик” маҳалласидаги айни кундаги ободончилик ишлари шаҳар прокурори Эркин Шарипов масъуллигидаги 2-сектор ишчи гуруҳи назоратидадир. Бу борада сектор ишчи гуруҳи аъзоси, вилоят кенгаши депутати Озода Салимованинг ҳам жонбозлиги эътирофга лойиқ.

Маҳаллада ободончилик ишлари давом этмоқда. Тез орада маҳалла ичкарисидаги йўл-йўлакларни ҳам асфалтлаш, йўл ёқалари, ариқлар бўйига манзарали дарахтлар экиш, гулхоналар барпо этиш назарда тутилган.

Маҳаллада аҳиллик, тарбиявий ишларни жонлантириш, оилалар мустаҳкамлиги, осойишталикни таъминлашда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Гулсара Маманова, котиба Озода Раззоқова ҳамда посбон Бекмурод Шамировларнинг ҳам хизматлари катта.

Хуллас, Каттақўрғон “Микрорайон”и келгусида ҳавас қилгулик шаҳарчага айланади.

Абдуазиз Ҳошимов.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM