“ШИФОБАХШ ИССИҚ СУВ” СИҲАТГОҲИ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Каттақўрғон шаҳрида кейинги йилларда аҳоли саломатлигини яхшилаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар боис соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилди. Давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида шарт-шароитларни яхшилаш билан бирга хусусий секторлар имкониятларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу имкониятлар натижасида яқинда шаҳримизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида яна бир янги, хусусий саломатлик маскани фаолиятини бошлади.  

Бугун ушбу шифо масканининг очилиш тадбирида  вилоят ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Исроил Жабборов, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритар эканлар, бугун мана шундай барча қулайликларга эга шифо масканининг йўлга қўйилиши ушбу ислоҳотларнинг амалдаги исботи эканлигини таъкидладилар.

Тадбир иштирокчилари сиҳатгоҳдаги шарт-шароитлар билан танишдилар.  

“Ғарб-мачит” маҳалласи ҳудудида тадбиркор З. Алимова томонидан йўлга қўйилган “Шифобахш иссиқ сув” дам олиш сиҳатгоҳида айни дамда 50 кишининг даволаниши учун замон талаблари даражасида барча шарт-шароитлар яратилган. Хоналар 2-6 кишилик. Шунингдек, оилавий келиб даво муолажалари олиш учун ҳам оилавий хоналар мавжуд.

Муассасада суяк касалликлари, асаб касалликлари, бўғимларнинг шамоллаши, умуртқа чурра касалликлари учун даво муолажалари олинади. Ҳозирда 2 нафар яъни, асаб ва терапия касаллиги бўйича малакали врачлар иш олиб боради. 16 нафар фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланган.

Ушбу муассаса 200 кишига мўлжалланган. Тадбиркор июль-август ойларида даволанувчилар сонини 200 тага етказиш имкони борлигини айтиб ўтди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM