ЯНГИ МАҲАЛЛА БИНОЛАРИ ЯНА 2 ТАГА КЎПАЙДИЯНГИ МАҲАЛЛА БИНОЛАРИ ЯНА 2 ТАГА КЎПАЙДИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар маҳаллалар тизимида ҳам ўзини яққол намоён этмоқда. Буни шаҳримиздаги маҳаллаларда яратилган шарт-шароитлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Охирги салкам 2 йил ичида шаҳардаги мавжуд 36 та маҳаллада кенг кўламдаги ўзгаришлар амалга оширилди. Уларнинг моддий-техник базаси яхшиланиб соҳа ходимларининг самарали фаолият юритишлари учун қулай шароитлар яратилди. Маҳаллаларнинг бинолари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ шаҳримиздаги янги маҳалла бинолари яна 2 тага кўпайди. Бугун “Баҳористон” ҳамда Алишер Навоий маҳаллалари учун янгидан қурилган биноларнинг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Исроил Жабборов, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар маҳаллалар тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижасида бугун маҳаллаларнинг аҳволи тубдан ўзгариб замонавий қиёфа акс этаётгани, халқ ва давлат ўртасидаги кўприкка айланаётгани хусусида сўз юритдилар. Шундан сўнг тадбир қатнашчилари маҳалла биносидаги шарт-шароитлар билан танишдилар.

“Баҳористон” маҳалласининг биноси анча эскиргани боис аҳоли ва ходимлар учун ноқулайликлар туғдирарди. Шаҳар ҳокимининг саъй-ҳаракати билан бино янгидан барпо этилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлик асосида қуриб битказилган бино бугун замон талабларига жавоб берадиган масканга айланди. Айниқса, маҳаллада айвончанинг қурилгани маҳалладагиларни хурсанд қилди. Айвонча “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖ нинг ҳомийлиги асосида қуриб битказилди. Энди бу ерда маҳалладаги турли тадбирларни, маросимларни ўтказиш имкони бор.

Муҳими маҳалладаги фуқаролар бугун маҳаллада амалга оширилаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларидан мамнунлар. 

 Алишер Навоий маҳалласининг биноси ҳам анча яроқсиз ҳолга келган эди. Маҳаллалар тизимидаги ислоҳотлар ва шаҳар ҳокимининг саъй-ҳаракати билан бино бугун барча қулайликлар яратилган масканга айланди.

           Ушбу маҳалла биноси ҳам маҳаллий бюджет маблағлари асосида қуриб битказилди. Бинода маҳалла ходимлари учун хизмат хоналари ва ошхона, йиғилиш зали ва бошқа хоналар мавжуд. Хоналар зарурий жиҳозлар билан таъминланган.

           Маҳаллада яна бир хайрли ишга қўл урилди. Иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтган, 13 етим болани бағрига олиб тарбиялаган, ҳақиқий ўзбекларга хос олижаноб инсоний фазилатлар эгаси, ҳамшаҳримиз Ҳамид Саматовнинг маҳаллада бюсти ўрнатилди.

Ҳамид Саматовнинг болапарварлиги, инсоний фазилатлари уни чин маънода элга машҳур қилди. Қаҳрамонимизнинг тарихда қолган ибратли, эзгу ишлари, жасорати ҳақида ҳали кўплаб мақолалар ёзилади, бадиий асарлар, фильмлар яратилади.   

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM