МАҲАЛЛА РАИСИНИНГ МАВҚЕИ БЎЛСА МАҲАЛЛАДА СОҒЛОМ МУҲИТ БЎЛАДИ

Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари О.Салиев раҳбарлигида “Маҳаллаларда ва оилаларда ижимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари” мавзусида йиғилиш  бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда шаҳар ҳокими Г.Алимова, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда маҳаллалар ва оилаларда маънавий-ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар, соҳадаги йўл қўйилган камчиликлар ҳақида гапирар экан, вилоят ҳокими маҳаллада маҳалла раисининг мавқеи бўлишини, шунда маҳаллада соғлом муҳит бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда айрим маҳаллалар раисларининг маҳалладаги соғлом муҳитни яратиш, мавжуд муаммоларни тегишли соҳа вакиллари ҳамкорлигида ҳал этиш юзасидан фаолияти қониқарсиз эканлиги айтилиб, бу борада йўл қўйилган камчиликларни олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриш лозимлиги айтиб ўтилди.

Шу куни йиғилиш сўнггида шаҳар ҳокими Г.Алимова раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда бу борада Каттақўрғон шаҳридаги мавжуд маҳаллалар кесимида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Шаҳар ҳокими кейинги йилларда маҳаллаларга берилаётган эътибор, бунинг натижасида шаҳримиздаги маҳаллаларда яратилган шарт-шароитлар хусусида сўз юритар экан, албатта, яратилган имкониятлар ва шарт-шароитларга муносиб равишда маҳалла раислари ҳам фаоллик кўрсатишини, маҳаллалардаги ва оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда ташаббускор ва ислоҳотчи бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Маҳаллаларда оилалардаги соғлом муҳитни шакллантириш, ажримлар, ҳуқуқбузарликларни содир этилишини олдини олишда маҳалла раиси ва ҳамкор ташкилотларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини, шу боисдан ҳам бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб ўтди ҳоким ўз сўзида.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ишлар юзасидан шаҳар ИИБ бошлиғи Х.Умаровнинг ахбороти эшитилиб, жиноятчиликнинг сони ортган маҳаллаларда бу борадаги профилактик тадбирларни кучайтириш, хотин-қизлар, ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, кейинги вақтларда кўпайган оилавий ажримларни олдини олиш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш сўнггида маҳалла раисларининг келгусидаги фаолиятини яхшилаш, маҳаллаларда ва оилаларда соғлом муҳитни барқарорлигини таъминлаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, маҳалла раисларига ўз ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни,  аҳолининг, хусусан хотин-қизлар ва ёшларнинг иш билан бандлик ҳолатларини, низоли оилаларни ўрганиш ва таҳлилий маълумотлар асосида мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Маҳалла раисининг фаолиятига маҳалладаги ижобий ва салбий кўрсаткичларга қараб баҳо берилиши таъкидланди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.    

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM