КОРРУПЦИЯ – РИВОЖЛАНИШИМИЗГА  ТЎСИҚ

Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлиги билан ҳам ўта хавфли иллат ҳисобланади. Бу борада Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупция эканлигини таъкидлаган. 

Бугун бутун дунё ҳамжамиятида жамиятнинг ривожига тўсиқ бўладиган хавфли унсур сифатида қораланаётган ушбу иллатга қарши курашиш борасида мамлакатимизда ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келса, иккинчидан, фуқароларда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради. 

Бу борада нафақат битта ташкилот балки, бутун жамият, давлат ва нодавлат ташкилотлари қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда, ишни биргаликда олиб боришини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Бугун, шаҳар ҳокимлигида ташкилот, муассаса, корхона раҳбарлари, шунингдек, ҳокимлик жамоаси ва депутатлар иштирокида “9 декабрь- Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида “Коррупция-ривожланишимизга тўсиқ” мавзусидаги семинар – кенгаши ушбу масалага бағишланди. 

Тадбирни шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова кириш сўзи билан очиб, айни дамда коррупция ва уни келтириб чиқараётган сабаблар хусусида гапирди.

- Коррупция ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган шахслар ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган ҳолатда ривож топади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун амалдорларни пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интилишларидан бошланади, -деди Г. Алимова.

Бу эса жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омилларда акс этади. Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта уради.

Ҳоким ўз сўзида коррупция ҳолатлари ва уларни олдини олиш бўйича батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг бу борада шаҳар ИИБ бошлиғи Х. Умаров, шаҳар прокурори Ф. Эгамқуловлар ўз фикрларни билдирдилар.

Мухтасар айтганда, коррупция - тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнигина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.

Зеро, озодлик, эркинлик яратган бой имкониятдан тўлақонли фойдаланиш Ўзбекистонда коррупция муаммоси ечилишига, қолаверса, учта ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш тамойилига нечоғли амал қилишига чамбарчас боғлиқ бўлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2021 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM