ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ОИЛАСИДАН КЎНГЛИ ТЎҚ БЎЛИШИ КЕРАК

Оиласидан кўнгли тўқ, рўзғори тинч ва обод бўлган ҳар қандай инсоннинг ишида унум бўлади. Бугун Ватанимиз ҳимоячилари бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган эътибор замирида ҳам мана шу тамойил мужассам. Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший, яшаш ва хизматни ўташ шароитлари яхшиланди. Уй таъминоти мукаммал равишда йўлга қўйилгани айниқса жуда қувонарлидир. 

Бугун ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари шаҳар ҳокими Г.Алимова, Каттақўрғон гарнизони бошлиғи, полковник Ф.Умаров ҳамда шаҳар бош имом хатиби Х.Дўстмуродов иштирокида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан ўтказилган учрашув ана шу масалага бағишланди. 

Унда сўз олган шаҳар ҳокими Г.Алимова оила мустаҳкамлигини таъминлашда аёлларнинг ўрни беқиёслигини, оила тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш ва фарзандлар тарбиясидаги масъулиятини ҳар бир аёл дилдан ҳис қилиш лозимлигини, оила устуни бўлган эркак кишининг оиласидан, фарзандларидан кўнгли тўқ бўлса ишида хотиржамлик бўлишини, оиласига меҳри, садоқати мустаҳкам бўлишини таъкидлади. Айниқса, Ватан ҳимояини ўзининг шарафли бурчи деб билган ҳарбий хизматчининг аёлида бу ҳис икки карра юқори бўлишини айтиб ўтди.

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан Каттақўрғон гарнизони бошлиғи, полковник Ф.Умаров кейинги йилларда ҳарбий хизматчиларнинг хизмат вазифаларини ўташдаги имкониятлар, уларнинг яшашлари, оилалари, фарзандларининг билим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар хусусида сўз юритди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари, уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш билан боғлиқ муаммолари ҳам эшитилди.

 Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM