ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ 

Бугун халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар кенгашининг 40 сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.Дастлаб сессияда биринчи масала сифатида депутатлар томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни дафтардан чиқариш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Ш.Кучкарова бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан маҳаллалар кесимида “Аёллар дафтари”га киритилиши лозим бўлган хотин-қизларнинг яшаш шароити, оилавий аҳволи ўрганилиб 2- босқич “Аёллар дафтари”га 1296 нафар хотин-қизлар киритилганлиги ва бугунга қадар кўрсатилган ёрдамлар туфайли дафтарда 838 нафар хотин-қизлар қолгани ва айни вақтда уларга ҳам ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бандликлари таъминланаётганлиги боис дафтардан чиқарилишини таъкидлади. 

Депутатлар Ш.Кучкарованинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган ишлар бўйича ҳисоботи юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва рўйхатдаги 838 нафар хотин-қизларни “Аёллар дафтари”дан чиқарилишни қўл кўтариб тасдиқладилар.

Шундан сўнг депутатлар кун тартибидаги иккинчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3-февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармонининг 180, 182, 191-бандларининг ижросини таъминлаш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сессия давомида кун тартибига киритилган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисидаги, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб варағидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун маблағ ажратиш тўғрисидаги, шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM