КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДАГИ ЯШИЛ ҲУДУДЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЯДИ 

Жорий йил 24 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммолар кескин танқид қилинган ҳолда бу борада мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган эди.

Куни кеча шаҳар ҳокимлигида соҳа мутасаддилари, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ва маҳалла раислари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда бу борада Каттақўрғон шаҳрида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Унда сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шаҳарни обод ҳудудга айлантириш, кўкаламзорлаштириш борасида қилинаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини, маҳаллаларда, хонадонларда мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини, таъкидлади.

Зеро, ҳавонинг ифлосланишига қарши курашнинг энг яхши усулларидан бири шаҳарларни, теварак-атрофни кўкаламзор қилишдир. Боғу-роғлар, гулзорлар, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар, дарахтзорлар барпо қилиш, корхоналар ва шунга ўхшаш жойлар атрофини кўкаламзорлаштиришдир. Буларнинг ҳаммаси санитария-гигиена ва эстетик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳарнинг қурилиш-архитектура комплексига қўшилиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.

 

Йиғилишда маҳалла раисларига ҳам маҳаллалар атрофлари, хонадонларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолиши ҳам атмосфера ҳавосини ифлосланишига олиб келиши, шу сабабдан уларни туриб қолишига йўл қўймаслик борасида тегишли ташкилотлар мутасаддилари огоҳлантирилди. Аҳолига ҳам экологик маданиятни шакллантириш бўйича тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга эътибор қаратиш лозимлиги айтилди.

Бу борада йиғилиш иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM