САМАРҚАНДДА ҲОСИЛ БАЙРАМИ

Эрта саҳардан янграган карнай-сурнайларнинг тантанавор садолари тонгни қалин булут кўрпаларига ўраниб, бош кўтаришга эриниб ётган қуёшни ҳам уйғотиб юборди. Ёмғир ёғишга шайланиб турган тунд осмоннинг ҳам чиройи очилиб кетди. Бу жарангдор чорлов йил давомида мардоновор меҳнат қилиб, пилла, ғалла, пахтадан юксак хирмонлар бунёд этган бободеҳқонларни, чорвадору миришкор ғаллакорларни, қолаверса катта-ю кичик Самарқанд вилоят аҳолини анъанавий Ҳосил-2017 байрамига чорлади.

Ҳар бир туман, ҳар бир шаҳар ўзига ажратилган ҳудудда етиштирган сархил меваларини, сабзавоту полиз экинларини намойиш этиш тараддудида.

Каттақўрғон шаҳридан ушбу ҳосил байрамига ташриф буюрган каттақўрғонликлар ҳам ўзлари учун белгиланган пештахталарда Каттақўрғоннинг машҳур ширинликлари – кунжут ҳолва, руста, бозор ҳолва-пашмак, парварданинг бир неча хил турини, йигирмага яқин нон турларини жумладан, ширмой нон, жиззали нон, пиёзли нон, гўштли нон, жўхори нон, чапчак нон, буғдой нон, ёғли патир, жиззали патир, пиёзли патир, қатлама, кўк сомса, кади сомса, гўштли сомса, пиёзли сомса каби нон маҳсулотларини моҳирона намойиш этишди. Каттақўрғонлик Ғуломжон қассобнинг турли хил усулда пиширган гўшт маҳсулотлари иштирокчиларининг диққатини тортди.

-Таъби нозик аёлларимизнинг бир гўзаллигига ўн гўзаллик қўшадиган тақинчоқлар хотин-қиз жувонларни заргарлик пештахтаси ёнида узоқроқ қолиб кетиши узук, исирға, зебигардон каби тақинчоқлар каттақўрғонлик заргарларимизнинг маҳорат билан қилган меҳнати натижасидир.

Санъат фидойиси Одилжон Бозоров раҳбарлик қилаётган шаҳар Маданият бўлимининг хонанда ҳамда созандаларининг бадиий чиқишлари алоҳида эътиборга лойиқдир. Хушовоз хонандалар Мақсуджон Рахимов, Собиржон Жўраев, Шуҳрат Турсунов, Нажмиддин Омонов, Муножатхон Йўлчиевалар ижро этган жўшқин, дилрабо куй, қўшиқлар бутун сайил иштирокчиларини рақсга чорлади. Кўнгилларга роҳат, ором бахш этди десам, муболаға бўлмас. Ингичка қўрғони “Чанқовуз” фольклор этнографик ансамблининг миллий рақс, қўшиқлари йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

 

Катта-катта дошқозонларда зиғир ёғидан дамланган ошлар, ўзбекона самоварларга қайнаган хушбўй чойлар, дастурхонларга тортилган турли таомлар, мевалару ширинликлар, дилтортар қўшиқлар, шўх рақслар, дўстлар дийдори, унутилмас давра суҳбатлари Мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб яшнаётганидан, тинчлигидан, фаровонлигидан далолатдир. Байрам якунида пахта йиғим теримида фаол иштирок этган илғор ҳашарчи-теримчиларга шаҳар ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Самарқандда ўтказилган Ҳосил-2017 байрамида шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов, ҳамда шаҳар фаоллари, ишлаб чиқариш корхона раҳбарлари, тадбиркорлар, таълим муассаса раҳбарлари, ижодкорлар иштирок этишди. Байрам нашидаси узоқ вақтгача қалбларга муҳрланиб қолса, ажаб эмас.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM