КЎЗ ЁШЛАРИДАГИ ТАФОВУТ,  МУҚАДДАС ВАТАН ТУЙҒУСИ 

Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида, юртимиз озодлиги, ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз” Нуронийлик ёшига етгунча кўп кўз ёшларини, ҳаётнинг қувончу-ташвишларини кўрдим. Ҳазрати Касталоний ёзганларидек: “Хурсандчиликдан тўкилган кўз ёши-совуқ, ғамдан тўкилган кўз ёши иссиқ бўлади” – деган ҳикматлари ҳақ эканлигига амин бўлдим.
Ғамдан тўкилган кўз ёши юракнинг тафтидан иссиқ бўларкан, энг оғири онанинг фарзанд доғида тўкилган кўз ёши бўлиб у ҳам турлича бўлар экан.
Шундай ота-оналарнинг кўз ёшларини кўрдим-ки: улар афсус – надомат, пушаймонлик, ҳақ ва халқ олдидаги айбдорлик ҳиссидан оққан ҳаттоки, Аллоҳ асрасин ўз жигаргўшасидан воз кечишга, оқ қилишга мажбур бўлган ота-оналарнинг кўз ёшларидир. Бу фарзандлари гиёҳванд бўлган, тўғри йўлдан адашган, ватанига, халқига хиёнат қилган, ўғрилик, босқинчилик қилган мунофиқлар ота-оналарнинг кўз ёшларидир. Бундай кўз ёшлари ғамдан бўлса ҳам – совуқ ва ўткинчи бўлиб вақт ўтган сайин унут бўлиб кетаверар экан.
Яна шундай ота-оналарнинг кўз ёшларини кўрдимки: улар оғир қайғули, ғамли, армонли шу билан бирга хақ ва халқ олдида фахр ва ифтихор ҳиссидан, ватан олдидаги бурчни бажариш ҳиссидан оққан кўз ёшларидир. Булар фарзандлари миллатнинг улуғ мартабаси, саодати йўлида, юртимизнинг озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида шаҳид бўлган мард ва жасур ўғлонлар ота-оналарининг кўз ёшларидир. Бундай кўз ёшлари иссиқ бўлиб, бу оталар-оналарнинг кўзлари юмулгунча оқаверади. Чунки бу кўз ёшлари Ватан туйғусидан аланга олган юраклар тафтидан ватанпарвар, шижоатли ва фидоий қилиб тарбияланган мард ва жасур ўғлонлар руҳи покига розилик, фахр-ғурур кўз ёшларидир.
“Тани бошқа дард билмас”, “Бошидан ўтган табиб” дейди халқимиз ўз мақолаларида. Бу мен ва менга ўхшаган ҳамдард ота-оналарининг бошидан ўтган ҳақиқат ва яна ҳақиқатдир. Япон донишманди  Э.Сатоянанинг шундай ҳикматли сўзи бор: “Ҳақиқат гавҳар тошга ўхшайди, уни безаб ўтириш шарт эмас, аммо уни кўзга яққол ташланиб турадиган жойга қўймоқ лозим.” Менинг фикримча кўз ёшлари орасидаги фарқни озгина бўлса ҳам тафаккур қила олдим.
Бу тафовутни ўзинг маънавиятли ҳисоблаган миллат, жамият ҳам яхши идрок қила олади деб ҳисоблашган. Чунки бу-кураш, маънавий ва мафкуравий курашдир.
“Яхшиларни мақташ билан, ёмонларни жазолаган бўламиз” - дейилади ўзбек халқ мақолида. Оддийгина деҳқон, чорвадор, ишчи, зиёли оиласи бешигу-беланчагида турмуш машаққатларига сабр қилиб, қаноат қилиб Ватанига, халқига, Президентига содиқ хизмат қилган мард, жасур, шижоатли ва фидоий ўғлонларни тарбия қилаолган падарибузрукворларимиз, волидаий муҳтарамаларимиз ҳали ҳаётлик вақтларида уларга эл-юрт ҳурмати ва эҳтиромини кўзга яққол ташланиб турадиган жойга қўйишга интилишимиз лозим.
Шундагина кўз ёшларидаги фарқни, тафовутни ёшларимизга, келажак авлодларимизга амалда тафаккурига сингдира оламиз. Бу эса ватанпарварлигимизнинг бир нишонаси, ғунчасидир. Муқаддас Ватан туйғуси – миллатимиз ғурури, фахри бўлган буюк аждодларимиз даврида ҳам, ҳозир бизлар яшаб турган, жавобгар бўлган даврда ҳам, авлодларимиз яшайдиган юртимиз юксалган даврларда ҳам яратганимиз эзгу ниятларимизга ўзи етказсин, юракларда бу нишоналар, ғунчалар қийғос гуллаган, гуллаяпти ва яна гуллайверади, худо хоҳласа.           
Абдулла БАРНОЕВ, 
меҳнат фахрийси.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM