КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДА НАВРЎЗ ШОДИЁНАЛАРИ

Шу кунларда юртимиз бўйлаб нишонланаётган Наврўз байрами тантаналари шаҳримизда ҳам кўтарингки тарзда бўлиб ўтди. 

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари каттақўрғонликларни Наврўзи олам билан муборакбод этиб, меҳмонларни байрам шодиёналарига чорлади.

Шаҳар истироҳат боғида шаҳримиздаги корхона ва ташкилотлар, идора ва муассасалар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, ёшлар иштирокида бошланган асосий байрам тадбири шодиёналари хақиқий халқ сайлига айланиб кетди. 

Байрамга ҳар бир идора ва ташкилот миллий таомлар, турли миллий ўйинлар, урф-одатлар ва анъаналаримиз акс этган саҳна кўринишлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар билан иштирок этдилар.

Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова мутасаддилар ҳамроҳлигида ҳар бир жамоанинг чиқишларини, Наврўз тарихи, урф-одатлари билан боғлиқ тайёрлаган байрам тадбирларини жойида катта қизиқиш билан томоша қилдилар ва уларни юксак эътироф этдилар.

Шунингдек, тадбир давомида шаҳар ҳокимлиги томонидан 8 нафар болажонларнинг суннат тўйлари ҳам ўтказилди. 

Тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова барчани Наврўз байрами билан муборакбод этди ва юртимизда бўлгани сингари бугун шаҳримизда ва амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ва келгусида ушбу ислоҳотлар шаҳримизни янада обод ва кўркам шаҳарга айланишида хизмат қилишини, буларнинг барчаси каттақўрғонликларни фаровонликда ва бахтиёрликда яшашлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар эканлигини таъкидлади.

Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, спортчиларнинг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

Албатта тинч ва обод юртимизга мана шундай байрамлар ярашади. Шундай байрамларимиз бардавом бўлсин.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM